Тошкентлик Нигора яқинда туғиш таътилига чиқиб, уйида инглиз тилидан хусусий дарслар беришни бошлади. У ёмон фойда кўраётгани йўқ, бироқ барча даромадлари норасмий. Шу боис унинг банкдан кредит олиши ва нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича корпоратив мижозлар билан ишлаши қийин. Шунингдек, Нигора меҳнат стажи ҳисобга олинмаётгани боис кексалик ёшида яхшироқ пенсия ололмайди.

Бироқ яқинда Нигора ўзини ўзи банд қилиш мақомини олиш ва бир миқдор солиқ тўлаш орқали даромадлари тўғрисидаги маълумотнома ва меҳнат стажи ёзилиши муаммосидан халос бўлиши мумкинлигини билди. Бунга қўшимча равишда, ноқонуний фаолияти учун солиқ инспекциясининг жаримага тортишидан ҳам қўрқмаса бўлади энди.

2021 йил 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 852 мингдан ортиқ ўзини ўзи банд қилганлар рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 310 минг нафардан зиёдроғи — ёшлардир.

Мазкур мақолада ўзини ўзи банд қилганлар ким, ушбу мақомни қандай олиш мумкин ва буни нима учун айнан 2021 йилда амалга ошириш лозимлиги ҳақида ҳикоя қиламиз.

Ўзини ўзи банд қилиш мақоми нимани англатади ва уни кимлар ололади?

Ўзини ўзи банд қилган шахслар — ўз ишини ўзи топиб, уни ўзи бажариш орқали даромад кўрадиган жисмоний шахслардир. Репетиторлар, энагалар, сантехниклар, электрчилар, сартарошлар, курьерлар, автомобиль ювувчилари, ҳунармандлар, фаррошлар, тикувчилар, дастурчилар ва яна кўплаб касб эгалари ўзини ўзи банд қилувчилар бўлишлари мумкин.

Уларнинг фаолияти «Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисида низом» билан тартибга солинади. 2021 йил 1 август ҳолати бўйича 68 турдаги фаолият билан ўзини ўзи банд қилиш мумкин. Хоҳишга кўра, уларнинг бир нечтасини бирваракайига танлаш мумкин.

Меҳнатга лаёқатли ёшдаги ҳар бир жисмоний шахс, якка тартибдаги тадбиркорлардан ташқари, ўзини ўзи банд қилиши мумкин. Ўзини ўзи банд қилувчилар якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтишлари шарт эмас.

Асосий иш жойида меҳнат шартномаси бўйича ишлаб, бир вақтнинг ўзида ўзини ўзи банд қилиш ҳам мумкин. Асосийси, асосий ишдаги фаолият тури ўзини ўзи банд қилиш учун рухсат берилган фаолият турлари рўйхатига кирмаган бўлиши керак. Масалан, кун бўйи меҳнат шартномаси асосида котибалик билан шуғулланиш, кечаси ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида матн ёзиш бўйича хизматларни (копирайтинг) кўрсатиш мумкин.

Ўзини ўзи банд қилишнинг қандай фойдалари бор?

Бунинг фойдали эканлигига бир қанча сабаблар бор.

  1. Уйдан ишлашнинг қонуний имконияти. Ўзини ўзи банд қилганлар солиқ текширувлари, жарималар ва ноқонуний тадбиркорлик фаолияти бўйича айбловлардан қўрқмасликлари мумкин.
  2. Тасдиқланган иш стажи ва пенсия. Ўзини ўзи банд қилганларнинг иш стажи кетаверади, шунинг учун кексаликда кафолатланган пенсия нақд деб ҳисоблаш мумкин.
  3. Расмий даромад. Истеъмол кредитлари, имтиёзли қарзлар олиш, шунингдек, солиқ имтиёзларини қўллаш мумкин.
  4. Минимал солиқ. Даромад солиғи ёки бошқа йиғимлар йўқ. Бир йилда БҲМнинг 1 баравари миқдорида ижтимоий солиқ тўлаш кифоя.
  5. Ўзига ўзи хўжайин. Ўзини ўзи банд қилувчилар учун меҳнат шартномаси, раҳбар ва қатъий иш жадвали йўқ. Севимли иш билан хоҳлаган вақтда шуғулланиш ва бундан қонуний даромад олиш мумкин.
  6. Мижозлар базасини кенгайтириш. Ўзини ўзи банд қилган шахслар юридик шахслардан пул ўтказиш йўли билан тўловларни қабул қилиш учун банкда осонгина ҳисоб очишлари мумкин. Бундан ташқари, давлат рўйхатидан ўтказилганлик шериклар орасида ишончни уйғотади.
  7. Минимал ҳужжатлар. Ўзини ўзи банд қилганлар якка тартибдаги тадбиркорлар сингари бухгалтерия ҳисобини юритиш, ҳисобот юбориш ёки солиқ декларациясини топширишлари шарт эмас. Даромад ва харажатларни ихтиёрий равишда Soliq иловасида тўғридан-тўғри кузатиб боришлари мумкин.

Қандай солиқ ва мажбурий тўловларни тўлаш керак?

Ўзини ўзи банд қилиш фаолиятидан олинган барча даромадлар жисмоний шахслар даромад солиғига (ЖШДС) тортилмайди: қанча топса ҳам ўзида қолади. Бир йилда бир марта БҲМнинг 1 баравари — 2021 йилнинг 1 август ҳолатида 245 минг сўм — миқдорида ижтимоий солиқ тўлашнинг ўзи кифоя қилади. Тўловни ҳар қандай тўлов тизими орқали амалга ошириш мумкин.

Ўзини ўзи банд қилувчилар ҳеч қандай суғурта ва бошқа йиғимларни тўламайдилар.

Муҳим: ўзини ўзи банд қилганларнинг рухсат берилган фаолият турлари рўйхатидаги фаолиятдан олинган даромадларигина ЖШДС тўлашдан озод қилинади. Агарда даромад бошқа фаолият туридан олинган бўлса, улардан ЖШДС тўлаш керак бўлади.

Ўзини ўзи банд қилганлар кимлар билан ва қандай ишлашлари мумкин?

Ўзини ўзи банд қилганлар бошқа жисмоний шахсларга оғзаки келишув асосида иш ёки хизматларни тақдим этишлари мумкин. Юридик шахслар билан эса улар фақатгина бир марталик иш ёки хизматни кўрсатиш учун ёзма шартнома тузган ҳолда ишлашлари мумкин. Битта катта ҳажмли ишни бажариш керак бўлса, уни бир неча қисмларга бўлиб бажаришга тўғри келади. Шартноманинг муайян тасдиқланган шакли йўқ: уни юристлар бажариладиган иш ёки хизматнинг ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда тузадилар.

Бунда ўзини ўзи банд қилганлар барча ишларни мустақил равишда бажаришлари керак: ёлланма ишчилар меҳнатидан фойдаланиш мумкин эмас.

Товар ёки хизматлар учун тўловларни қандай кўринишда қабул қилиш мумкин?

Ўзини ўзи банд қилганлар тўловларни ҳар қандай кўринишда: нақд, терминал ёки банк ўтказмалари орқали қабул қилишлари мумкин. Терминални банкдан ижарага олиш мумкин. Банкда ҳисоб рақами очиш ва юридик шахслар билан пул ўтказиш йўли билан ишлаш мумкин.

Ойлик даромад бўйича қандай чекловлар мавжуд?

Ўзини ўзи банд қилганларда ойлик ёки йиллик даромад бўйича ҳеч қандай чекловлар мавжуд эмас. Ўзини ўзи банд қилувчи сифатида ойига 10 млн сўм ишлаб топсангиз ҳам, ҳеч ким фаолиятингизни тўхтатиб, ЯТТ ёки МЧЖ очишга мажбурламайди.

Ўзини ўзи банд қилиш мақомини қандай олиш мумкин ва бу қанчага тушади?

Ўзини ўзи банд қилиш учун тўлов йўқ. Бунинг учун икки йўл билан рўйхатдан мумкин:

  • Туман солиқ инспекциясига мурожаат қилинса, ходим анкета тўлдиради;
  • солиқ тўловчининг шахсий кабинети ёки ДСҚнинг Soliq мобил иловаси орқали мустақил равишда рўйхатдан ўтиш мумкин. «Газета.uz» смартфон орқали рўйхатдан ўтиш бўйича батафсил қўлланма ишлаб чиққан. Жараён 30 дақиқадан кўп вақт олмайди.

Чекланмаган муддатга рўйхатдан ўтилади. Анкеталар тўлдирилганидан кейин ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтганлик тўғрисида QR-кодли маълумотнома берилади. Шу ернинг ўзидан ижтимоий солиқни ҳам тўлаш мумкин, бунинг учун пластик карточкаси ҳисоб рақами ва амал қилиш муддатини киритиш кифоя.

Иш стажи ва пенсия қандай ҳисобланади?

Солиқ органлари ходими ўзини ўзи банд қилган шахсни рўйхатга олаётганда у ҳақдаги маълумотларни ДСҚнинг ўзини ўзи банд қилган шахслар маълумотлар базасига киритади. Кейинроқ уни Ягона миллий меҳнат тизимига (ЯММТ) интеграция қилади, шунинг учун иш стажи расман ҳисобланади. Бироқ иш стажи ҳисобга олиниши учун ижтимоий солиқ тўланиши лозим. Тизим оддий: йил учун солиқ тўланса, бир йиллик иш стажи ҳисобга олинади.

Ўзини ўзи банд қилганлар учун пенсия миқдори якка тартибдаги тадбиркорларники каби ҳисобланади. Пенсия ёшига етган вақтда зарур иш стажи мавжуд бўлса, пенсия минимал миқдорда — 565 минг сўм (2021 йил 1 июль ҳолатига кўра) бўлади. Агарда иш стажи етарли бўлмаса, давлат ҳар ойда 400 минг сўм (2021 йил 1 июль) миқдорида нафақа тўлайди.

Касал бўлганда ёки меҳнат қобилиятини йўқотганда нима қилиш керак?

Ўзини ўзи банд қилганлар учун даволаниш ва меҳнат таътиллари йўқ: касал бўлиб қолса ва маълум бир муддат ишлай олмаса, ҳеч ким йўқотилган пулларни тўлаб бермайди.

Меҳнат фаолиятини узоқ муддатга тўхтатиш керак бўлиб қолса, бу ҳақда солиқ органини огоҳлантириш керак бўлади. Шундан кейин ишламаган вақтлари учун ижтимоий солиқни тўламаса ҳам бўлади. Бу вақт давомида иш стажи ҳам ҳисобга олинмайди.

Ўзини ўзи банд қилганларга нима мумкин, нима мумкин эмас?

Ўзини ўзи банд қилганлар қуйидагиларни қилишлари мумкин:

  • рўйхатдаги бир ёки бир нечта фаолият турлари билан шуғулланиш;
  • ишни фақат мустақил равишда бажариш;
  • нақд, терминал ва пул ўтказмаси орқали тўловни қабул қилиш;
  • жисмоний ва юридик шахслар билан фақат бир марталик иш ёки хизматларни бажариш учун ишлаш;
  • мижоз билан оғзаки ёки ёзма шартнома тузиш;
  • чет эллик буюртмачилар билан шартнома тузмасдан ишлаш;
  • норезидентлардан чет эл валютасида ишлар учун тўловни қабул қилиш.

Қуйидагилар ўзини ўзи банд қилганларга мумкин эмас:

рухсат берилган фаолият турлари рўйхатида кўрсатилмаган фаолият билан шуғулланиш;

якка тартибдаги тадбиркор бўлиш;

ўз фаолият тури бўйича кимнингдир қўлида ишлаш;

ходимлар ёллаш;

жисмоний ва юридик шахсларга катта ҳажмли иш ёки хизматни узоқ муддат давомида кўрсатиш.

Чет эллик буюртмачилар билан қандай ишлаш ва улардан тўловларни қандай қабул қилиш керак?

Ўзини ўзи банд қилганлар чет эллик жисмоний шахслар ва юридик шахслар билан шартнома тузмасдан ишлашлари мумкин. Оммавий офертани қабул қилиш, электрон хабар алмашиш ёки, жумладан, электрон шаклдаги ҳисоб-фактуралар (инвойслар) ишлаш учун асос бўлиши мумкин.

Бажарилган ишлар учун хориждаги норезидентлардан тўловларни Ўзбекистон банкларидаги ҳисоб рақамига хорижий валютада қабул қилиш мумкин. Бунда якка тартибдаги тадбиркорлар ёки юридик шахслар сингари Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига бу ҳақдаги маълумотларни киритишга ҳожат йўқ. Олинган маблағларни ўз банкида хорижий валютада нақд қилиб олиш ва ундан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиш мумкин.

Даромадлар тўғрисидаги расмий маълумотномани қаердан олиш мумкин?

Ўзини ўзи банд қилганлар бажарилган ҳар қандай иш тўғрисидаги маълумотларни мустақил равишда Soliq мобил иловасига киритишлари мумкин. Жисмоний шахслар билан ишлашда шунчаки бажарилган иш тури ва қийматини кўрсатиш мумкин. Юридик шахслар билан ишлашда эса бажарилган ишлар, қийматини кўрсатиб, электрон ҳисоб-фактурани жўнатиш мумкин.

Киритилган маълумотлар асосида олинган даромадлар ҳақидаги расмий маълумотномани шакллантириш ва чоп этиш мумкин. Унинг асосида банкларда истеъмол кредитлари ёки имтиёзли қарзлар олиш мумкин.

Ўзини ўзи банд қилиш мақомидан қандай воз кечиш ва фаолиятни тўхтатиш мумкин?

Ўзини ўзи банд қилиш мақомидан исталган вақтда воз кечиш ва фаолиятни тўхтатиш мумкин. Бунинг учун Soliq мобил иловаси орқали солиқ органини хабардор қилиш керак бўлади. Буни фаолиятни тўхтатгунга қадар амалга ошириш лозим. Кейинроқ солиқ органлари ходимлари ўзини ўзи банд қилиш мақомини ДСҚ базасидан ўчиришади.