Қонунчилик палатаси депутатлари 27 июль куни Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши мажбурий эмлашни қонунийлаштиришни кўзда тутган қонун лойиҳасини маъқуллашди. Ҳужжат Сенатга кўриб чиқиш учун юборилди. Бундан ташқари, лойиҳага кўра, шифокор рухсатига қарамасдан эмланишни рад этган ходим иш берувчи томонидан маошини сақламасдан ишдан четлатилиши мумкин бўлади.

Вакцинация мажбурийми?

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тушунтиришича, «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги қонунда фуқаро ёки унинг қонуний вакили тиббий аралашувни рад этиш ёки унинг тўхтатилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. Шунга кўра, ҳеч бир шахс вакцина олишга мажбур қилинмайди.

Шу ўринда, Ўзбекистон Бош давлат санитария врачи «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида"ги қонундаги ваколати доирасида эпидемиологик кўрсаткичлар асосида эмланиши лозим бўлган контингентларнинг (масалан эпидемиологик нохуш ҳудудда ишлайдиганлар, мазкур ҳудудда яшайдиганлар, ушбу ҳудудларга ташриф буюрмоқчи бўлганлар ва бошқалар) эмлаш календарини тасдиқлайди.

Шу сабабли Бош давлат санитария врачи Баҳодир Юсупалиевнинг 19 июлдаги қарори билан эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб коронавирусга қарши профилактик эмлаш ҳам Эпидемиологик кўрсатма бўйича профилактик эмлаш календарига киритилди (0239−07-сон СанҚваН «Юқумли касалликлар иммунопрофилактикаси»). Унга кўра, 14 тоифдаги 18 ёшдан катта аҳоли мажбурий эмланади.

«Профилактик эмлашлар доимий равишда аҳолининг айрим тоифалари ўртасида ўтказилади. Шунга кўра, фуқаролар айрим фаолият турлари билан шуғулланиши учун (асосан аҳоли билан кўп мулоқот қилувчи фаолият турлари) коронавирусга қарши эмлашдан ўтиши керак», — дейилади ССВ хабарида.

Лойиҳада Бош давлат санитария врачининг «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида"ги қонунда белгиланган ваколатини фуқароларнинг соғлиғини сақлаш борасидаги асосий қонун ҳужжати ҳисобланган «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги қонунда ҳам мустаҳкамлаб қўйиш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, лойиҳада Меҳнат кодексига ўзгартириш киритиш орқали, иш берувчига профилактик эмлашдан ўтишни рад этган ходимларни ишга қўймаслик ҳуқуқини бериш кўзда тутилмоқда. Бу таклиф Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда халқаро экспертлар коронавирусга қарши курашиш ва унинг янги тўлқинларининг олдини олиш оммавий вакцинация орқали муваффақиятли ташкил этилиши мумкинлиги юзасидан тавсияларини инобатга олган ҳолда билдирилганлиги айтилади.

Депутатлар қонун лойиҳасини маъқуллашмоқда


Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизматининг маълум қилишича, «Миллий тикланиш» демократик партия томонидан «Covid-19» юқиш даражасини пасайтириш ва ижтимоий иммунитетни ташкил этиш мақсадида аҳолини вакцинация қилиш ишларини жадаллаштириш таклифини билдирган.

Хусусан, «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги қонуннинг 28-моддасида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда Бош давлат санитария врачининг қарори асосида аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши мумкинлиги тўғрисида аниқ норма киритилмоқда.

Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 113-моддасида ходим юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли эканлиги кўзда тутилмоқда.

Хабарда таъкидланишича, қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш натижасида коронавирус инфекциясининг янги тўлқинлари олдини олиш учун аҳоли ўртасида оммавий вакцинацияни ташкил этишнинг қонуний асослари янада мустаҳкамланади. Юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда профилактик эмлаш ўтказишни жорий этиш юзасидан амалдаги қонунчиликдаги мавжуд зиддиятлар бартараф этилади.

Ҳозирда Ўзбекистонда 1 миллион 99 минг киши тўлиқ эмланган — бу 18 ёшдан катта аҳолининг 5 фоизидан камроқ.

«Жамоавий иммунитетни шакллантириш учун эса аҳолининг 60−80 фоизи эмланиши талаб этилади. Хитойда вакциналарга бўлган ишонч 90 фоиз, Бразилияда 80, Ҳиндистон, Индонезия ва Таиландда 70, Туркия ва Мексикада эса 60 фоизни ташкил этмоқда. Франция, Греция, Австралия, Италия, Латвия, Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа давлатларда мажбурий вакцинация амалиёти жорий этилган», — дейилади парламент қуйи палатасининг хабарида.

Олдинроқ, «Газета.uz» 14 тоифадаги (савдо ва хизмат объектлари, спорт мактаблари, кўнгилочар объектлар ва дам олиш зоналари, ҳарбийлар, умумий овқатланиш объектлари ва бошқалар) 18 ёшдан катта бўлган аҳоли қатламини мажбурий эмлаш бўйича тартиб жорий қилинаётганлиги ҳақида ёзган эди (тўлиқ рўйхат).