Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Паркент туманида сойда чўмилгани айтилган аёлнинг «самосуд» қилингани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати раҳбари Бобур Тулаганов изоҳ берди.

Маълум қилинишича, мазкур ҳолат Паркент тумани ИИБ Навбатчилик қисмида 20 июль куни рўйхатга олинган.

Унга кўра, Паркент тумани, Невич маҳалласида яшовчи фуқаро М.М. (1984 й.т. аёл) маҳалла ҳудудидан оқиб ўтувчи «Қизилсой» сойида чўмилаётган фуқаро Д.Г. (1987 й.т. аёл)ни ёнига бориб, бу сувдан истеъмол қилишларини айтган. М.М фуқаро Д.Г. билан жанжаллашиб, унинг эгнида бўлган кийимларини зўрлик билан ечиб ташлаган. Уни уриб-тепиб тан жароҳати етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан Паркент тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан ЖКнинг 277-моддаси 1-қисми (Безорилик, яъни жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик, уриш-дўппослаш, баданга енгил шикаст етказиш ёки ўзганинг мулкига шикаст етказиш ёхуд нобуд қилиш анча зарар етказиш билан боғлиқ ҳолда содир этилса) ва 140-моддаси 1-қисми (Ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш, башарти, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Жараёнда албатта қонун устуворлиги ва қилмишга яраша жазонинг муқаррарлиги таъминланиб, батафсил маълумот берилади», — дейилади хабарда.