Токиодаги Олимпия ўйинларининг биринчи кунида Ўзбекистон терма жамоаси таркибидаги 11 нафар спорт мусобақаларга қатнашиб, уларнинг 9 нафари ўз иштирокини якунлади. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Ўқ отиш. Мухтасар Тоҳирова 6 уринишда умумий 622.2 очко тўплади ва 50 иштирокчи орасида 33-ўринни эгаллади.

Қиличбозлик. Шерзод Мамутов руминиялик Илиан Теодосиуга 11:15 ҳисобида имкониятни бой берган бўлса, Малика Ҳакимова хитойлик рақибасига 10:15 ҳисобида ютқазиб қўйди.

Бокс. Олимпиаданинг биринчи кунида Санжар Турсунов (91 кг) ва Шаҳноза Юнусова (69 кг) ҳам мусобақаларни тарк этди. Турсунов жазоирлик Абделхафид Бенчаблага 1:4 ҳисобида, Юнусова эса польшалик спортчи Каролина Кошевскага 0:5 ҳисобида мағлуб бўлди.

Дзюдо. Шарофиддин Лутфуллаев ҳам украиналик Артём Лесюкга имкониятни бой бериб, Токиодаги чиқишларига нуқта қўйди.

Теннис. Денис биринчи даврада ҳиндистонлик Сумит Нагалга ютқазди ва илк чиқишиданоқ Ўйинларни тарк этди. Истомин 1-сетни рақибига бой бериб қўйди, лекин 2-сетни ўз фойдаси ҳал қилди. Бироқ ҳал қилувчи сетда ҳиндистонлик рақибининг қўли баланд келди.

Велоспорт. Муроджон Холмуродов шоссе йўналиши бўйича 234 км масофага ўтказилган пойгада 132 нафар спортчи орасидан 64-бўлиб финиш чизиғини кесиб ўтди. Ушбу йўналишда Эквадор вакили Ричард Карапаз олтин медални қўлга киритди.

Академик эшкак эшиш. Собиржон Сафаралиев ва Шахбоз Холмурзаев жуфтлиги 2000 метрга эшкак эшиш баҳсларида 6та терма жамоа орасида 4-натижани қайд этиб, кейинги босқичга йўл олди. Улар ярим финалда қўшимча ўринлар учун кураш олиб борадилар.

Спорт гимнастикаси. Бугун Ўзбекистон вакиллари орасидан охирги бўлиб Расулжон Абдураҳимов баҳсларга киришди, бироқ у ҳам Олимпиада билан хайрлашди. Кўпкурашда спортчи 79,064 бални қўлга киритиб, 62 атлет орасидан 49-ўринни эгаллади.

«Қайд этилган натижалардан шундай хулоса қилиш мумкин: вакилларимизни ҳаяжон қийнаб қўймоқда ёки кеча бўлиб ўтган очилиш маросими уларни анча толиқтириб қўйган. Умид қиламизки, эртадан ғалабали онларимиз бошланади», — дейилади вазирлик хабарида.