Ўзбекистонлик ўқувчилар халқаро фан олимпиадаларида 6 та совринли ўринларни қўлга киритди.

17−24 июль кунлари Литвада 51-Халқаро физика олимпиадаси (IPhO) ўтказилди, дея хабар бермoқда Халқ таълим вазирлиги ахборот хизмати.

Қайд этилишича, фан олимпиадасида дунёнинг 73 давлатидан 365 нафар иштирокчилар қатнашди. Мазкур нуфузли халқаро олимпиадада ўзбекистонлик ўқувчилар ҳам иштирок этди.

Якуний натижаларга кўра, Тошкент шаҳридаги 71-мактаб ўқувчиси, Раил Хашаев бронза медалини қўлга киритди. Шунингдек, С.Сирожиддинов номидаги академик лицей ўқувчиси, Мадина Хасанжонова 4-даражали диплом билан тақдирланди.

Фото: Халқ таълим вазирлиги ахборот хизмати

Бундан ташқари, 32-Халқаро Биология олимпиадаси (IBО) натижалари ҳам эълон қилинди. Олимпиада 18−23 июл кунлари Португалияда ташкил этилиб, унда дунёнинг 76 давлатидан 304 нафар иқтидорли ўқувчи иштирок этди.

Ушбу олимпиадада ўзбекистонлик ўқувчилар 2 та олтин, 1 та кумуш медалларини қўлга киритди. Улар:

  • Ҳумоюн Норбеков — ЖДПИ академик лицейи 2-босқич ўқувчиси — олтин медал;
  • Азиза Абдувалиева — ТПТИ академик лицейи 1-босқич ўқувчиси — олтин медал;
  • Ёрқинбек Турдибоев — Навоий вилояти 11-ИДУМ ўқувчиси — кумуш медал.

Фото: Халқ таълим вазирлиги ахборот хизмати

Шунингдек, 14−24 июль кунлари Россия Федерациясида 62-Халқаро Математика олимпиадаси (IМО) бўлиб ўтди. Унда дунёнинг 110 давлатидан 623 нафар ўқувчилар иштирок этди.

Якуний натижаларга кўра, Бухоро вилояти 5-ИДУМ ўқувчиси, Диёрбек Толипов кумуш медаль ҳамда Бухоро вилояти Халқаро математика мактаби ўқувчиси, Олимжон Олимов бронза медалини қўлга киритди.

Шунингдек Бухоро вилояти Халқаро математика мактаби ўқувчиси Дониёр Исмоилов имтиёзли дипломни қўлга киритди.

Маълумот учун, президент қарорига кўра, дунёда тан олинган нуфузли фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар ва уларнинг ўқитувчилари бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади. Яъни:

  • 1-ўрин (олтин медаль) учун — ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баравар (122,5 млн сўм), ўқитувчисига — 450 баравар (110,25 млн сўм);
  • 2-ўрин (кумуш медаль) учун — ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравар (73,5 млн сўм), ўқитувчисига — 250 баравар (61,25 млн сўм);
  • 3-ўрин (бронза медаль) учун — ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравар (49 млн сўм), ўқитувчисига -150 бараварида (36,75 млн сўм).

Халқаро фан олимпиадалари ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар ва таълим муассасаси директорлари навбатдаги ўқув йили учун директор жамғармасидан қуйидагича қўшимча устама оладилар:

  • 1-ўрин (олтин медаль) учун — 200%;
  • 2-ўрин (кумуш медаль) учун — 175%;
  • 3-ўрин (бронза медаль) учун — 150%.