ИИВ Киберхавфсизлик маркази ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида «Телеграм»да UNIVERSAL KREDIT номли сохта гуруҳ очиб, фуқароларнинг банк карталаридаги маблағларини ўзлаштириб келган шахс қўлга олинди.

Аниқланишича, Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида яшовчи, муқаддам Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан судланган фуқаро Д.К. (1997 й.т.) 15 дақиқа ичида онлайн кредит хизматлари орқали микроқарз берилиши ҳақидаги эълон остида фуқароларнинг шахсига оид маълумотларини ноқонуний равишда эгаллаб келган.

Ушбу шахс республика ҳудуди бўйлаб 10 дан зиёд алданган фуқароларнинг жами 13 млн сўмга яқин пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ушбу пулларни ўзининг эҳтиёжи учун ишлатиб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Д.К.га нисбатан Ёзёвон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.