Бугун, 24 июль куни президент Шавкат Мирзиёевнинг таваллуд куни муносабати билан бир қатор хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, давлат ва жамоат арбоблари уни табриклашди.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон табрик муносабати билан бўлиб ўтган суҳбатда 10−11 июнь кунлари Тожикистонга расмий ташриф якунлари бўйича қабул қилинган битим ва келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Минтақа кун тартиби, шу жумладан Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши юзасидан фикр алмашилди.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали бўлиб ўтган суҳбатда стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, энг аввало, уларни янги лойиҳа ва дастурлар билан бойитиш муҳим экани таъкидланди.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам Шавкат Мирзиёевни туғилган кун билан табриклаб, 6 август куни «Аваза» миллий туризм ҳудудида ўтказиладиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш масаласига алоҳида тўхталди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров давлат раҳбарини табриклаб, суҳбат давомида энергетика, траснпорт, машинасозлик, фармацевтика ва бошқа тармоқлардаги қўшма лойиҳаларга эътибор қаратди.

Россия президенти Владимир Путин Шавкат Мирзиёевни таваллуд айёми билан муборакбод этиб, Ўзбекистон-Россия стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик муносабатларининг долзарб масалаларига тўхталиб ўтди. Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакциналар ишлаб чиқариш бўйича қўшма қувватларни тез фурсатда ишга тушириш муҳим экани таъкидланди. Шунингдек, туғилган кун муносабати билан Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко билан ҳам суҳбатлашди.

Қозоғистон Республикасининг Биринчи президенти Элбоши Нурсултон Назарбоев ҳам Шавкат Мирзиёевни туғилган кун билан табриклаб, минтақа кун тартиби юзасидан фикр алмашди.

Бундан ташқари, президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилишича, ХХР раиси Си Цзиньпин, Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған, Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин, Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ҳамда Беларусь президенти Александр Лукашенколар Шавкат Мирзиёевга таваллуд айёми муносабати билан қутловлар йўлладилар.