Ўтган 40 йил мобайнида кўплаб ривожланаётган мамлакатларда иқтисодий ўсиш анча суст бўлмоқда, уларнинг айримлари эса аҳоли жон бошига ўсиш бўйича ўнлаб йиллар давомида ўта секин ривожланишмоқда. Табиийки, ўсиш бўлмаса, бундай мамлакатларда яшаш сифати паст бўлиб қолаверади: ушбу мамлакатлардаги одамлар бой мамлакатларга қараганда қисқароқ умр кўради, болалар кўпроқ касал бўлади ва гўдаклар ўлими даражси юқорироқ бўлади, кўплаб одамлар қашшоқликда яшайди, мактаб ва шифохоналарнинг сифати ёмон, оддий ҳаво ва сувнинг ҳам сифати паст, шаҳарлар қулай ҳаёт учун камроқ мослаштирилган, натижада одамлар автоҳалокат ва фавқулоддаги вазиятларда кўпроқ ҳалок бўлади. Қисқаси, агар сиз имтиёзга эга бўлган жуда тор доирага алоқадор бўлмасангиз, иқтисоди ёмон бўлган мамлакатда яшаш унчалик осон эмас.

Нотўғри иқтисодий сиёсат ушбу суст ўсишнинг асосий сабаби ҳисобланади. Ушбу давлатлар ўзларининг қолоқлигини кўриб, Гонконг ва Сингапур каби иқтисодий муваффақиятга эришган мамлакатларнинг иқтисодий ислоҳотларини ўзлаштириш кераклигини ва иш бермаётган анъаналаридан воз кечиш лозимлигини тан олишмайди. Аксинча, камбағал ва ривожланаётган мамлакатлар аксарият ҳолатларда иқтисодий ўсишни чегараловчи иқтисодий сиёсатни юритишади: протекционизм, тор доирадаги гуруҳлар манфаатига хизмат қиладиган «саноат сиёсати», бизнесни керагидан ортиқча назорат қилишга уриниш, ресурсларни тақсимлашда давлат ролининг катталиги, юқори солиқ улуши, давлат корхоналарининг самарасиз бошқарилиши, марказий банкнинг ҳукуматга бўйсунувчанлиги ва шаффоф бўлмаган фискал сиёсат. Диққатга сазовор нарса шундаки, мамлакат қанчалик камбағал бўлса, ушбу ҳолат шунчалик кенг тарқалган бўлади.

Шу сабаб камбағал мамлакатларнинг ривожланишини кузатиб борадиганларнинг таъкидлашича, бундай жамиятларни фақат жиддий инқирозлар ва чуқур саросималар иқтисодий сиёсатни ислоҳ қилишга ва тараққиётга тўсиқ бўлиб турган чоралардан воз кечишга ундай олиши мумкин.

Айрим кузатувчиларнинг фикрича, тўғри ислоҳотлар «жуда ёмон воқеалар» натижасида содир бўлади, бундай ҳолатлар жамиятни атрофда содир бўлаётган воқеаларга «янгича назар» билан қарашга ундайди ва иқтисодий сиёсатни ўзгартиради. Ислоҳотлар ҳақидаги ушбу назария фаталистик (тақдирга таваккал қилиш — таҳр.) бўлиши мумкин, лекин у жуда кенг тарқалган.

Масалан, ХХ аср бошида Николай Чернишевскийнинг «Қанчалик ёмон бўлса — шунчалик яхши» деган ибораси машҳур эди. Баъзан Лениннинг репрессия ва эркинликларни чеклаш тарафдори бўлганлигини таъкидладб, ушбу иборани унга тегишли дейишади, чунки бу инқилобни тезлаштириши мумкин эди. Бошқача айтганда, мамлакатдаги вазият қанчалик ёмон бўлса, бу келажакдаги ислоҳотлар ва ўзгаришлар учун шунчалик яхши.

Аммо бунинг аксини кўрсатадиган тадқиқотлар ҳам мавжуд: тараққиёт ёмонлик эмас, яхшилик натижасида содир бўлади. Жорж Мейсон университети иқтисодчиси Брайан Каплан «ғоялар тузоғи» деган моделни таклиф қилади. Ушбу моделга кўра, агар вазиёт ёмон бўлса, жамиятда тўғри ислоҳотлар учун талаб туғилиши даргумон. Яъни: жамиятдаги ҳолат қанчалик ёмон бўлса, тўғри ислоҳотлар эҳтимоли шунчалик кам.

Унинг моделининг асосида қуйидаги фараз ётади — дунёда яшаш энг ёқимсиз бўлган жойлар учта умумий хусусиятларга эга: биринчиси, паст иқтисодий ўсиш кўрсаткичи; иккинчиси, ўсишга тўсиқ бўлаётган иқтисодий сиёсат; учинчиси эса қарор қабул қилувчи шахсларнинг бошқа иқтисодий сиёсат яхшироқ деган тушунчани инкор этиши.

Тасаввур қилинг, ўсиш, сиёсат ва ғоя — бу учта ўзгарувчанлар иқтисодий ва сиёсий вазиятни акс эттиради. Бунда биз учта хулосага келишимиз мумкин, дастлабки иккита хулоса ўз-ўзидан келиб чиқади:

1. Яхши ғоялар тўғри иқтисодий сиёсатни келтириб чиқаради.

2. Тўғри иқтисодий сиёсат яхши ўсишга олиб келади.

Учинчи хулоса олдингиларига нисбатан камроқ интуитивроқ:

3. Яхши ўсиш яхши ғояларга олиб келади.

Учинчи хулосани тушуниш учун, даромаднинг ўсиши иқтисодий саводхонликни ошишига олиб келиши, даромад даражаси эса бунга таъсир қилмаслигини кўриш мумкин. Бошқача қилиб айтганда, даромади тез ўсаётган қамбағал инсонлар ҳам даромад ўсиши кузатилмаётган бойлардан кўра кўпроқ иқтисодий сезгирликка эга.

Хулоса шуки: Яхши ғоялар тўғри иқтисодий сиёсатга олиб келади, тўғри иқтисодий сиёсат яхши ўсишга олиб келади, яхши ўсиш эса яхши ғояларни мустаҳкамлайди.

Ёмон хабар шундаки, ушбу тушунчанинг акси бўлган кетма-кетлик ҳам мавжуд. Жамият «ғоялар тузоғи»га тушиб қолса, унда ёмон ғоялар нотўғри иқтисодий сиёсатга, нотўғри иқтисодий сиёсат эса — ёмон ўсишга олиб келади, ва бу вазиятда ёмон ўсиш эса ёмон ғоялар учун унумли тупроқ вазифасини ўтаб бериши мумкин.


Ушбу тузоққа тушганда, ундан чиқиб кетиш учун сизга фақатгина соғлом фикрлаш ёрдам бериши мумкин. Афсуски, одамлар тушкунликда бўлганда бу ҳақида ўйланишлари қийин масала. Яқинда АҚШда содир бўлган ҳимоя ниқоблари танқислиги муаммоси бунга ёрқин мисол. Соғлом фикрлаш ҳимоя ниқоблари ва воситалари етишмовчилигини ҳал қилиш учун уларни ишлаб чиқариш ва етказишни даромадлироқ қилиб, бозорга нархни кўтариш имкониятини бериш кераклигиги ишора қилади. Лекин бунинг ўрнига жамият таъминотчиларга «ўз ишларини бажаришмаяпти» деб ташланди ва ҳукуматдан нархларнинг ўсишига йўл қўймасликни талаб қилди.

Бошқа сўз билан айтганда, тушкунлик холатларида тўғри сиёсат ва яхши ғоялар пайдо бўлиши даргумон. Яъни, вазият қанчалар ёмон бўлса, жамият томонидан тўғри қарорлар қабул қилинишининг эҳтимоли шунчалик кам.

Иқтисодий ўсиш ва ғоялар ўртасида мантиқий боғлиқликдан кўра кўпроқ психологик боғлиқлик мавжуд. Албатта, фақатгина вазият ёмонлашгани учун фойдали бўлмаган ғояларни қабул қилиш ва нотўғри сиёсатни амалга ошириш унчалик мантиққа тўғри келмайди, лекин одамлар буни фаол равишда бажариб келишмоқда.

Бунга мисол топиш учун турли мамлакатларда турли даврларда валюта бозорларининг ҳолатига назар солиш мумкин. Масалан, яқинда Туркияда содир бўлган ҳолат ёки Осиё молиявий инқирози даври: валюта курслари ўсган бир пайтда жамият ва сиёсий раҳбарлар бор айбни чайқовчилар ва қора бозорда фаолият юритувчиларга тўнкаб қўйишди. Қандайдир маҳсулотлар нархи кўтарилганда, жамият ва раҳбарлар қабул қилиш мумкин бўлган энг ёмон қарорларни қабул қиладилар. Яна бир мисол, 2003 йилда Аргентинада гўшт нархи кескин ошиб кетганда ҳукумат гўшт экспортини тақиқлаб қўяди. Бу эса ушбу саноат ривожланишини тўхтатиб қўйди ва бошқа кўплаб салбий тасирларга эга бўлган иқтисодий ва ижтимоий натижаларга олиб келди.

Худди шу нарса юқори инфляция даврида ҳам содир бўлади: жамият ва раҳбарлар айбдорларни қидириб, инфляциянинг янада кўтарилишига сабаб бўлувчи қарорларни қабул қилишади. Хаттоки ўзимизнинг янги тарихимиз мисолида кўришимиз мумкинки, ёмон шароитларда янада ёмонроқ қарорлар қабул қилинади. Ҳукумат сўмни конвертация қилиб бўлмайдиган валютага айлантириб, импортни чеклаб ва сунъий юқори доллар курси эвазига «экспортни ривожлантирмоқчи» бўлганда, бизнинг асосий экспорт махсулотларимизнинг дунё бозоридаги нархлари кескин пасйди, яъни, бу қарор «ёмон вазиятда» қабул қилинган эди.

Каплан моделида ушбу икки мувозанат барқарор ва доимий: сиз ёки яхши ўсиш яхши ғояларни келтириб чиқарадиган мувозанатдасиз, ёки ўсиш йўқлиги янада ёмонроқ ғояларни келтириб чиқарувчи холатда.

Бу боши берк вазиятдан қандай қилиб чиқиб кетиш мумкин? Ўз моделида Каплан буни «омад» деб номлайди. Вақти-вақти билан, жамият лотереяда катта бўлмаган ютуққа эришиш имкониятига эга. Мисол учун, қандайдир тасодифий ҳолат сабабли раҳбарлар бозор муносабатларига эркинроқ ёндашувни синаб кўришлари мумкин. Уларнинг сиёсати маълум ўсишга олиб келади, бу эса, ўз навбатида, жамоатчилик онгини яхшилайди ва ривожланиш учун янада кўпроқ тўғри ғоялар ва ислоҳотларга талаб яратади. Бошқа моделларда ушбу сценарий «синиш нуқтаси» деб номланади, бунда бирор воқеа мамлакатни бир ҳолатдан бошқа ҳолатга ўтказиши мумкин.

Ислоҳотлар моҳиятини тушуниш учун Капланнинг иккита мувозанатли ҳолатлар хақидаги хулосалари муҳим аҳамиятга эга. Бир томондан олиб қараганда, тўғри ислоҳотлар ва ўзгаришлар «вазият яхши бўлсагина» содир бўлишини ва фаталист бўлиш мақсадга мувофиқ эмаслигини тушуниш муҳим. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, агар сиз унчалик муҳим ёки инқилобий деб ҳисобламайдиган ўзгаришларга тўқнаш келсангиз, оптимист бўлинг, чунки ҳар бир майда ижобий ўзгаришлар ўз ўрнида яхши ғоялар ва тўғри ислоҳотлар учун замин яратиши мумкин.

Бошқа томондан, унчалик муҳим туюлмаган нотўғри қарорлар ва муҳим бўлмаган ортга силжишларга нисбатан жуда ҳам эътиборли бўлиш лозим. Агар қандайдир қарор бу иқтисодга сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатмаса ҳам, биз бир нарсани доимо ёдда тутишимиз лозим. Ушбу кичик нотўғри қадамлар келажакда янада нотўғрироқ қадамлар қўйилишига олиб келади.

«Статус-кво»ни ўзгартириш ва хатолар устида ишлаш ҳақида қачон ўйланиш мумкин? Қачонки вазият яхши, раҳбарлар ва жамият тинч бўлса. Шунинг учун ҳам бозор ислоҳотлари тарафдорлари доимо яхши вазият тарафдорлари бўлиб, майда ижобий ўзгаришларга ҳам қувонишлари лозим.

Хатолар одамларни тўғри хулосалар чиқаришга ўргатиши мумкин деган табиий ва интуитив тенденция мавжуд, лекин, афсуски, бундай эмас. Фаталист бўлмаслик муҳим — бошимиз деворга урилганидан кейингина яхши ўзгаришлар бошланади, тўғри хулосалар чиқарамиз ва иқтисодиётни вайрон қилаётган чоралардан воз кечамиз деб кутиш керак эмас. Аксинча, хатолар кетидан янада ёмонроқ хатолар содир бўлиши, «омад» ва «синиш нуқтаси»дан бўлак бошқа нарса ўзгаришга олиб келиши амримаҳоллиги тарих ва назариядан бизга маълум. Бир нарсани тушуниш керак: ривожланиш ҳам, деградация ҳам бир зумда содир бўлмайди, ва маълум йўналиш бўйлаб босилган ҳар қандай қадам ушбу йўналишда давом этиш эҳтимолини оширади. Бу баъзан маром ёки йўлга боғлиқлик деб аталади (path dependence).

Қабул қилинаётган қарорлар сабабли биз кутаётган иқтисодий ривожланиш имкониятларини таҳлил қилар эканмиз, ушбу қарорларни ва уларнинг оқибатларини баҳолашда очиқ бўлишимиз ва виждонан ёндашишимиз керак. Мисол учун, протекционизм ва таниш-билиш бўлган жойда биз рақобат хамда самарадорликни кутишимиз нотўғри. Тўғри ғоялар ва эркин ташаббуслар учун шароитларга талаб ҳамон кам эмас, шунинг учун биз ҳаттоки майда нотўғри қарорларга ҳам йўл қўймаслигимиз керак. Бўлмаса биз тузоққа тушиб қоламиз.

Муаллифнинг фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламасилиги мумкин.

Беҳзод Ҳошимов — иқтисодчи, Мэдисондаги (АҚШ) Висконсин университети бизнес-мактабининг докторанти. 2016 йил май ойидан буён Вайнарт тадбиркорлик марказида тадқиқотчи бўлиб ишлайди. Висконсин университетининг иқтисодиёт магистри ва Нанянг технологик университетининг (Сингапур) математика бакалаври даражасига эга.