АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) бизнес ғоялар (лойиҳалар) танловини эълон қилди. Бу ҳақда агентликнинг матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Танлов «Агробизнесни ривожлантириш» лойиҳаси доирасида ташкил этилиб, хусусий маҳаллий агросаноат корхоналари ўртасида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари қиймат занжирини янада ривожлантириш, савдо кўлами ва ҳажмини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳамда янги бозорларга чиқиш имкониятларини оширишга қараталиган.

Ушбу танловга маблағлар агентликнинг Агробизнесни ривожлантириш жамғармаси томонидан ажратилади.

«Агробизнесни ривожлантириш жамғармаси қишлоқ хўжалиги йўналишида фаолият юритаётган корхоналарда янги технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватлайди ва бу орқали уларнинг ўсишига кўмаклашади. Агросаноат корхоналарини қўллаб-қувватлаш Ўзбекистонга ўз иқтисодиётини диверсификация қилиш, минтақавий ҳамда халқаро савдо ҳажмларини ошириш имконини беради», — дейилади хабарда.

USAID юқоридаги мезонларга жавоб бериши мумкин бўлган, ҳусусан аёллар ва ёшлар бошқарувидаги ёки уларни иш билан таъминловчи корхоналардан бизнес ғоялар бўйича таклифларни қабул қилади.

Танловда қатнашиш учун аризалар топширишнинг охирги муддати — 16 июль 17:00.

Танлов концепцияси ва бизнес ғоялар бўйича таклифларни киритиш учун ариза намунасини қуйидаги ҳавола орқали юклаб олиш мумкин.

Лойиҳа танланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун бутун қиймат занжири бўйлаб қўшимча қиймат яратиш имконини берувчи янги технологиялар ва замонавий бошқарув амалиётларини жорий этиш орқали Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида хусусий сектор ривожланишини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.

Мазкур тадбирлар Ўзбекистонда қўшимча қиймат қўшилган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кўпайтириш, соҳага хотин-қизлар ва ёшларни жалб этиш, таълим муассасалари ва хусусий сектор ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш ва қишлоқ хўжалигида мақбул сиёсат юритишни қўллаб-қуватлашга қаратилади.