Айни дақиқаларда Шавкат Мирзиёев Ботаника боғида ташкил қилинган Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумида нутқ сўзлаяпти.

Давлат раҳбари Ўзбекистон олдида турган энг муҳим вазифалардан бири — янги авлод берунийларини, ибн сино ва улуғбекларини, хоразмий ва фарғонийларини тарбиялаб, вояга етказишдан иборатлигини қайд этди.

Бу йўналишда «Беруний издошлари», «Мирзо Улуғбек ворислари», «Алишер Навоий давомчилари» каби кўрик-танловлар ўтказиб, ғолибларни рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади.

Президент ёшларнинг ижтимоий- сиёсий фаоллигини ошириш масаласига ҳам, алоҳида эътибор қаратиш режа қилинаётганини ҳам маълум қилди.

Яқинда таниқли сиёсатчи, Парламентлараро Иттифоқнинг Бош котиби Мартин Чунгонг дунё аҳолисининг ярмидан кўпини 30 ёшгача бўлган инсонлар ташкил этса-да, бутун дунё бўйича ёш депутатларнинг улуши 2,6 фоизга ҳам етмас эканлигини таъкидлаган. У Ўзбекистонда бу кўрсаткич 6 фоиздан ошганини юқори баҳолаган.

«Биз бу ғоят муҳим йўналишдаги ишларимизни давом эттирган ҳолда, Парламентлараро Иттифоқ кўмагида „Мен парламентда ёшларни қўллаб-қувватлайман!“ деган эзгу ташаббусни амалга оширамиз. Ушбу тизим асосида сиёсий етук ва фаол ёш йигит-қизлар парламент ва маҳаллий кенгашлар фаолиятига янада кенгроқ жалб этамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

У шунингдек, фаол ёшлар депутат ва сенаторларга бириктирилишини айтиб ўтди.

«Халқ депутатлари кенгашлари тавсияси асосида ёш, ғайратли, фидоий ўғил-қизларимиз бундан буён Олий Мажлис депутати ва сенаторларига бириктирилади. Шу билан бирга, маҳаллий кенгашларда ҳам, худди Сенат ва Қонунчилик палатасидаги каби ёшлар парламенти вакиллари мактаби ташкил этилади», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

Қолаверса, иқтидорли ёшлар орасидан янги авлод захира кадрлари — «Келажак лидерлари» шакллантирилади.

«Бугун шуни мамнуният билан таъкидлашни истардимки, бундай ёшларимизнинг кўпчилиги жонкуярлик билан хизмат қилмоқдалар. Масалан, Шерзод Раҳмонов — Нарпай туманида, Сарварбек Султонов — Ширин шаҳрида ва Элбек Шукуров — Сергели туманида ҳоким бўлиб, Дурдона Раҳимова — Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, Одилжон Тожиев — Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда», — деди у.