Қирғизистон президенти Садир Жапаров Давлат аппарати ҳажмини қисқартириш тўғрисидаги фармонни имзолади, дея хабар бермоқда 24.kg нашри.

Мамлакат Конституциясининг 71-моддасига мувофиқ ижро этувчи ҳокимият ва бошқарувнинг давлат органлари тузилмасини оптималлаштириш, такрорланадиган ва кераксиз функцияларни йўқ қилиш, шунингдек, давлат аппаратини сақлаш учун бюджет маблағларини тежашни таъминлаш мақсадида президент администрацияси штатларини 30 фоизгача қисқартириш бўйича қарор қабул қилинди. Ҳужжат билан, давлат раҳбари аппаратига кирадиган вазирликлар, давлат қўмиталари, маъмурий идоралар ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари қисқартирилади.

Фармон билан қуйидагилар тавсия этилмоқда:

  • Жўқорғи Кенгес иш юритишни бошқариш аппарати ходимлари сонини 30 фоизга қисқартириш ишларини амалга ошириши;
  • Олий суд, Конституциявий суд, маҳаллий судлар ва суд департаменти судлар тузилмасини оптималлаштириш ва уларнинг штатини 30 фоизгача қисқартириш;
  • маҳаллий бюджетлар томонидан қўллаб-қувватланадиган бюджет муассасалари ва ташкилотларини инвентаризация қилиш ва ходимлар сонини 30 фоизгача қисқартириш.

Шу билан бирга ҳужжатга кўра:

  • ишдан бўшатилган ишчиларга қонун ҳужжатларига мувофиқ ишдан бўшатиш учун тўловларни тўлашни таъминлаш;
  • ишдан бўшатилган ишчиларни тадбиркорлик фаолияти асосларига ўргатиш бўйича зарур чораларни кўриш;
  • тежалган маблағларни давлат ва коммунал хизматчиларнинг иш ҳақини оширишга сарфлаш;
  • норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни фармонга мувофиқлаштириш белгиланди.

Давлат ижроия органлари, президент мулкини бошқариш бўлими ҳам тегишли ишларни амалга оширади. Фармон расмий эълон қилинган кунидан кучга кириши белгиланган.