Президент томонидан 16 июнь куни «Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор имзоланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Қарорга мувофиқ, Туризм ва спорт вазирлигининг спорт синовларини муваффақиятли топширган шахслар учун «Жисмоний тайёргарлик даражаси» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Бунда спорт синовларининг махсус талабларини бажарган ғолиблар I, II, ва III даражали кўкрак нишонлари билан тақдирланади.

Баҳолаш тизими бўйича ёш кўрсаткичларидан келиб чиқиб спорт синовларининг махсус талабларини муваффақиятли бажарган шахслар бир йил мобайнида қуйидаги имтиёзлар ва рағбатлантиришлардан фойдаланади:

  • сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат тўловининг 50 фоизини чегирма билан тўлайди ва муддатли ҳарбий хизматга биринчилар қаторида устунлик билан юборилади;
  • махсус талабларни бажарган ғолибларга (I ўрин) «Темурбеклар мактаби»га тест синовларисиз танловдан ташқари ўқишга киради, уларга умумий фойдаланишдаги давлат йўловчи ташиш шаҳар транспортида бепул ҳамда ҳудудлараро ҳаракатланишда 50 фоиз чегирмали тўлов билан имтиёзли юриш
  • ҳуқуқи берилади (такси, шу жумладан, йўналишли такси мустасно);
  • бепул тарзда давлат туман (шаҳар) кўп тармоқли тиббиёт муассасасида бир марталик чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтади;
    фарзандлари яшаётган жойдаги умумтаълим мактаби, мактабгача таълим ташкилотлари, шунингдек, ёзги соғломлаштириш оромгоҳларига навбатсиз жойлаштирилади;
  • республика миқёсида ишга ёки ўқишга қабул қилинишида жисмоний тайёргарлик талаб этиладиган имтиҳон (олий таълим муассасалари спорт йўналишларидан ташқари), синов, амалий машғулотларда устунлик (имтиҳонда максимал балл ёки амалий машғулотлардан озод қилиниши) берилади.

Қарорга кўра, шунингдек, спорт синовларини баҳолаш тизими меъёрлари, спорт разрядлари ва унвонлари, ўтказиш графиклари ва иштирокчилар учун тавсиялар платформаси ишлаб чиқилади ҳамда спорт синовлари иштирокчилари ҳақидаги ягона электрон база яратилади.