Тиббиёт фанлари номзоди Эъзозбек Ризаевнинг Соғлиқни сақлаш вазирлигига берган интервьюсида таъкидлашича, ёзги шамоллашларга кўпинча одамнинг ўзи сабабчи бўлади. Масалан, ташқарида иссиқ ҳавода терлаб, сўнг муздек, кондиционерли хонага кириб олинади. Кондиционердан чиқаётган совуқ ҳаво оқими эса тананинг яллиғланишига сабаб бўлади.

Ризаевнинг айтишича, бунинг натижасида бутун тана аъзолари оғрийди, ҳатто бош оғриғидан бемор бошини қимирлатолмай қолади. Кондиционер совуғи бош соҳасини зарарласа, менингиал симптомлар келиб чиқиши ҳам мумкин.

«Кондицонерни тана ҳароратига мос совуқликка қўйса бўлади. Масалан, совуқ ҳавонинг инсон учун меъёрий ҳолати 18 даража ҳисобланади. Агар ҳаво ҳарорати жуда иссиқ бўлса, бу ҳароратни озгина тушириш мумкин. Шунингдек, имкон қадар иш столи кондиционердан узоқроқда бўлиши керак. Ундан чиқаётган совуқлик оқимини тепага ёки пастга йуналтириб қўйинг, тўғридан-тўғри танага урмаслиги керак», — дейди у.

Маълумотга кўра, кондиционер яқинида ўтирган одамнинг томоғи қуруқшайди, унинг кўзи ёшланиши, оғзида темир таъмини туйиши мумкин. Агар кондиционер учун тўғри жой танлаб ўрнатилса ва ундан чиқаётган ҳарорат даражаси меъёрида бўлса, ҳеч ким касалланмайди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, кондиционердан фойдаланаётганлар иссиқ кунларда кўча билан уй ичидаги ҳароратнинг фарқи 4−5 даражадан ошмаслигига эътибор беришлари керак.

«Кондиционердан мунтазам фойдаланадиган уй бекалари ва офис ходимлари қуйидагиларни билиб олишлари керак. Кондицонер ҳаво фильтрлари бир йилда камида 2 маротаба тозаланиши керак. Кондиционер фени ўзидан хонадаги ҳавони айлантириши натижасида ҳаво таркибида бўлган барча чанглар ва касаллик тарқатувчи микроблар фильтрда қолиб кетади ва ҳаво тозаланади. Агарда фильтрлар ўз вақтида тозаланмаса улар тўлади ва хаво тозаланиш ўрнига ифлосланади ҳамда ўткир вирусли ва ўткир респиратор касалликларнинг сабабчиси бўлади. Доимо совуқ ҳаво оқимини ҳис этиш иммунитет пасайишига олиб келади. Бунинг натижасида киши тез-тез шамоллайди», — деди Эъзозбек Ризаев.

Кондиционерлар ҳавонинг кириши ва чиқишини таъминлайдиган вентиляцияси бор хона ва биноларга ўрнатиш учун мўлжалланган. Бундай шароитда уларнинг инсон саломатлигига салбий таъсири кам бўлади, дея таъкидлади Эъзозбек Ризаев.

Бино ёки хонада вентиляция мавжуд бўлмаса, кондиционер хона ҳавосини бир неча маротаба қайта-қайта совутади ва қуритади. Ҳаво кислород билан тўйинмайди. Бу эса саломатликка салбий таъсир кўрсатади.

«Кондиционерли хонада мунтазам ўтириб ишлайдиган ходимлар уст кийимларига ҳам эътибор беришлари керак. Уларнинг кийимлари табиий матодан, ўзига намликни енгил сингдира оладиган бўлгани маъқул» — дейди у.

Кўпчилик кондиционерларда ҳавони тозалаб берувчи биофильтрлар ўрнатилган. Улар ҳар 3 ойда янгиланиб туриши керак.

Кондиционерда хавфли бактериялар, вируслар, чанг каналари ва аллергенлар мавжуд. Аллергия, нафас сиқиш касали борлар чангли ҳаводан нафас олса, аҳволи ёмонлашиб қолиши мумкин.

Кондиционерда нафас тизими инфекцияларини кўзғатувчи микроорганизмлар тўпланиб қолиши эҳтимоли бор. Ҳаво намланиши ва намлик даражасининг пасайишига вазифасини бажарувчи ҳавони намлантирадиган ускуна қўйиш лозим.

Мутахассиснинг таъкидаб ўтишига кўра, оддий маиший кондиционерни вақти-вақти билан (айниқса, қиш мавсумида узоқ ишлатилмай ётганидан кейин) тозалаш керак. Унда тўпланган чанглар тозалагич (фильтр)ларга ўтириб қолади ва шу ҳолда ишлатиладиган бўлса, хонага чангли ҳаво тарқатади. Бу эса ҳар хил касалликлар келтириб чиқарадиган бактериялар кўпайиши учун жуда қулай шароитдир.

«Оғир пневмония касаллигини келтириб чиқарадиган микроблар ҳам турли совутиш воситаларини „яхши кўради“. Шундай экан, кондиционер зарарсиз ишлаши учун унинг тозалигига ҳам эътибор беринг. Ҳар уч хафтада чангютгич ёрдамида кондиционерни тозаланг ёки сувда ювиб туринг. Шу каби тавсияларга амал қилгандагина у сизнинг саломатлигингизга зиён етказмайди», — дея қўшимча қилади тиббиёт фанлари номзоди Эъзозбек Ризаев.