Президент Шавкат Мирзиёев 14 июнь куни соғлиқни сақлаш ва коммунал хизмат соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Хидоятов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида Татаристоннинг «КЭР-Ҳолдинг» компаниясини жалб қилган ҳолда қозонхоналарни модернизация қилиш режалари ҳақида сўзлаб берди.

«Ҳозирги кунда энг асосий масала — иссиқлик таъминоти. Бизни қозонхоналаримиз 1970 йилларда ташкил топган. Ҳозирги кунга келиб, уларни модернизация қилиш керак эди. Лекин буни модернизацияни яхши йўлга қўйган давлатлар билан амалга оширишимиз, кўп иш ўрганишимиз керак. Қозон шаҳрида нафақат Татаристон, балки Россия, қўшни ҳамда Европа давлатларида ҳам бу лойиҳани амалга оширган „КЭР-Ҳолдинг“ бор», — деди у.

Бундан ташқари, ушбу ҳолдинг Ўзбекистонда когенерация тизимларини ҳам ўрнатиш билан шуғулланади.

«[Когенерация тизими] газдан фойдаланиб ҳам электр энергия ишлаб чиқаради, ҳам иссиқлик беради. Шунинг ҳисобига аҳолига берадиган иссиқлигини арзонлаштириб беради, электр энергияда ҳам узулиш бўлмайди», — деди вазир.

Когенерация — электр ва иссиқлик энергиясининг биргаликда ҳосил бўлиши жараёни. Ушбу тизимда газ турбинаси бирламчи энергияси (ёқилғи) билан ҳаракатга келтирилади ва узлуксиз равишда ҳар хил иккиламчи энергия (электр, буғ, ва бошқалар) ишлаб чиқарилади. Газ турбинали когенерация тизими ёрдамида умумий энергия самарадорлигини оширган ҳолда, ёқилғининг ёниши орқали бирламчи ва турли хил иккиламчи энергия олинади.

Шерзод Хидоятовнинг маълум қилишича, «КЭР-Ҳолдинг» билан ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга ҳам эришилган.


«Газета.uz»га Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, «КЭР-Ҳолдинг» билан ҳамкорликда Тошкентнинг Бектемир туманидаги «Тошиссиққуввати» корхонасининг 91 кўп қаватли уй (3961 та хонадон) ва 39 та ижтимоий объектларга хизмат кўрсатувчи «Водник» қозонхонасини модернизация қилиш режалаштирилган. Иситиш тармоқларининг умумий узунлиги 21,8 кмни ташкил этади.

Таҳминан 42 млн долларга баҳоланаётган лойиҳа доирасида 130 дона индивидуал иссиқлик пунктларини ўрнатиш ($3 млн), 10 км иссиқлик тармоқларини алмаштириш ($11 млн), 30 Гкал қозонхонани модернизация қилиш ($5 млн) ва когенерация тизимини жорий қилиш орқали 20 МВт қувватга эга газ турбинасини ўрнатиш — ($23 млн) кўзда тутилган.

Бунинг натижасида ҳар йили 2,1 млрд сўмни тежаш кутилмоқда.

«КЭР-Холдинг» — бу энергетика, нефт кимёси ва нефтни қайта ишлаш, металлургия, машинасозлик ва нефт-газ саноати соҳасида муҳандислик, таъминот ва қурилиш бошқарувининг барча циклини пудратчи сифатида амалга оширадиган инжиниринг компанияси ҳисобланади.