«Uzbekistan Airways» авиачипталари нархи чет эл авиакомпаниялари чипталарининг нархидан 36 фоиздан 148 фоизгача қиммат қилиб белгилангани аниқланди.

Бу Сенат томонидан мамлакатда авиачипталар нархлари ҳаддан зиёд қимматлиги ва бунга сабаб бўлган асосий омилларни ўрганиш мақсадида Монополияга қарши курашиш қўмитасига юборган сенатор сўрови натижаларида акс этган.

Антимонопол қўмита ўрганишларига кўра, авиакассаларда «Uzbekistan Airways» АЖ томонидан маҳаллий ва халқаро йўналишларда мавжуд барча тарифлар ҳақидаги маълумотлар истеъмолчиларга тўлиқ етказилмаган.

Шунингдек, «Uzbekistan airways» Тошкент-Москва бир томонлама йўналишда чипталар «багажсиз эконом» синфида 131 евродан 211 еврогача, «эконом» синфида 145 евродан 335 еврогача, «бизнес» синфида 642 евродан 862 еврогача этиб белгилаган бўлсада, авиакомпания арзон нархлардаги авиачипталарни сотувга чиқармаган.

Бундан ташқари, ўрганишлар давомида «Uzbekistan Airways» томонидан маҳаллий йўналишлар учун белгиланган нархлар бошқа давлатлардаги нархлардан қимматлиги, хусусан, авиакомпания белгилаган нархлар хорижий авиакомпанияларнинг нархларидан ўртача 36 фоиздан 148 фоизгача юқори эканлиги маълум бўлди, дейилади хабарда.

Ўрганишлар якуни бўйича аниқ мисоллар ҳам келтирилган. Тошкент-Урганч (учиш вақти 1 соат 15 минут) йўналиш бўйича «багажсиз эконом» синфидаги чипта нархи ўртача 41 евро этиб белгиланган.

Ҳудди шу хизмат Россияда (Санкт-Петербург-Москва — йўналиши 1 соат 30 минут) ўртача 27 еврони ташкил этади. Бундан кўриш мумкинки, «Uzbekistan Airways» АЖ томонидан парвоз учун белгиланган нарх 56 фоизга қиммат.

«Uzbekistan Airways» АЖнинг ушбу йўналиш бўйича «Эконом» синфидаги авиачипта нархи Қозоғистондаги авиакомпаниядаги нархлардан 40 фоизга, Туркиядаги авиакомпания нархларидан эса 146 фоиз қиммат эканлиги аниқланди.

Шунингдек, Туркия давлатидаги ички йўналишлари бўйича «эконом» синфидаги тарифлар Ўзбекистонда қўлланилаётган ички «багажсиз эконом» тарифларидан ўртача 42 фоизга арзон эканлиги аниқланди.

«Бу каби авиаташиш хизматлари бозорида қиммат нархларни ушлаб туриш сабабларидан бири рақобат муҳити ривожланмаганлиги дейиш мумкин. Чунки, авиакомпаниялар сони қанчалик кам бўлса истеъмолчиларга билдириладиган таклифлар кўлами камайиб, истеъмолчиларда авиачипталарга бўлган талаб (эҳтиёж) ортади. Табиийки бунинг натижасида эркин рақобат муҳити бузилишига олиб келади. Бу эса бозор иқтисодиётидаги талаб ва таклиф қонуниятини бузади», дейилади Сенат хабарида.

Бунга мисол тариқасида қуйидагилар келтирилган:

  • Тошкент — Олмаота йўналиши бўйича ҳафтасига 7 марта мунтазам рейслар мавжудлигига қарамай фақат 2 та — «Uzbekistan Airways» ва «Air Astana» авиаташувчилари;
  • Тошкент — Москва йўналишида ҳам 2 та — «Uzbekistan Airways» ва «Аэрофлот» авиакомпаниялари тўғридан — тўғри парвозларни амалга оширади.

Шунингдек, Антимонопол қўмита мазкур йўналишларда рақобатнинг ривожланмагани, авиаташувчи компаниялар ўртасида келишиб қилинадиган ҳаракатларни содир этишга замин яратади, деган фикрда.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси юқоридаги муаммоларни бартараф этиш ва келгусида фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида Ўзбекистон Транспорт вазирлигига бир қатор таклифлар юборган. Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси томонидан ушбу таклифларнинг ижроси назоратга олингани айтилмоқда.