Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистондаги зўравонликка қарши Nemolchi.uz лойиҳасига мамлакатда қийноққа солиш, жисмоний ва руҳий зўравонлик билан боғлиқ моддалар бўйича қўзғатилган жиноятлар сони тўғрисидаги маълумотни беришдан бош тортди. Бу ҳақда Nemolchi.uz Telegram каналининг бош муҳаррири Ирина Матвиенко маълум қилди.

Статистика Nemolchi.uz ресурсларига таҳлилий материаллар тайёрлаш, шунингдек, Ирина Матвиенконинг ўзи ҳам аъзоси бўлган Бош прокуратура ҳузуридаги оиладаги зўравонликларга қарши курашиш бўйича ишчи гуруҳнинг тадқиқотлари доирасида сўралган.

Лойиҳа бош муҳаррири 2016−2020 йиллар давомида Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари бўйича қўзғатилган ишлар статистикасини сўраган:

  • 103-модда (ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш);
  • 103−1-модда (ўзини ўзи ўлдиришга ундаш);
  • 105-модда 1-қисм (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш);
  • 109-модда (қасддан баданга енгил шикаст етказиш);
  • 110-модда 1-қисм (қийнаш);
  • 112-модда (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш);
  • 118-модда 1-қисм (номусга тегиш);
  • 119-модда 1-қисм (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш);
  • 121-модда 1-қисм (аёлни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш);
  • 136-модда (аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш);
  • 139-модда 1 ва 2-қисмлари (туҳмат, жумладан, ОАВ, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш);
  • 140-модда 1 ва 2-қисмлари (ҳақорат қилиш, жумладан, ОАВ, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш);
  • 141−1 модда 1-қисм (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш).

Шу билан бирга, лойиҳа бош муҳаррири қўзғатилган ишларнинг қанчаси охирига етказилгани, қанчаси томонларнинг яраштируви бўйича ёпилганига оид маълумот тақдим этилишини ҳам сўраган.

Ички ишлар вазирининг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси Шоҳрух Ғиёсов томонидан имзоланган жавоб хатида: ««Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги қонуннинг 6 ва 8-моддаларига кўра, сиз сўраган маълумотларни тақдим этишни мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблаймиз», — дея қайд этилган.

Юқоридаги қонуннинг 6-моддасида «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланиш, агар мазкур ахборот қонунда белгиланган тартибда давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар жумласига киритилган бўлса, чеклаб қўйилиши; Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги фойдаланилиши чеклаб қўйилган ахборотга тааллуқли маълумотларнинг рўйхати, шунингдек, маълумотларни бундай ахборот жумласига киритиш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланиши» кўрсатилган.

«Менда ҳеч қандай изоҳ йўқ. Иштиёқим ҳам қолмади. Ўзбекистонда юқоридаги кимгадир сўз эркинлиги ва ҳокимият органларининг халқ олдидаги ҳисобдорлиги керак эканлигига ишонмайман. Президент алмашганидан кейин тўрт йил ўтди, ОАВ эса ҳамон шу каби қуруқ расмий жавобларни олмоқда», — дея ёзди лойиҳа бош муҳаррири.

Кейинроқ, Ирина Матвиенко ушбу маълумотларни нима сабабдан сўраганига тушунтириш берди. Жиноят кодексининг юқоридаги баъзи моддаларига биноан иш фақат шахсий, яъни жабрланувчининг аризасига кўра қўзғатилиши мумкин. Жабрланувчи ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга лаёқатли эмаслиги каби истисно ҳолатларида прокурор жиноят ишини мустақил ўзи қўзғатишга мажбур. Бундан ташқари, аёлларга нисбатан зўравонликка боғлиқ бўлиши мумкин бўлган ушбу моддаларда ярашув орқали жиноий жавобгарликдан озод этилиши ҳам кўзда тутилган.

Ирина Матвиенко аёлларга нисбатан жиноят ишлари жабрланувчининг аризаси асосида қўзғатилса ва кейинчалик томонлар ярашуви билан ёпилса, нималар содир бўлишини сўзлаб берди:

  • жиноятчи жабрланувчида аризани қайтариб олиш ёки уни умуман бермаслик имконияти борлигини билади. Жиноятчи зўравонликни жавобгарликдан қутулиб қолиш мумкин бўлган ҳаётнинг нормал тарзи, дея қабул қилади.
  • тажовузкор, яқинлари ёки стереотиплар таъсиридаги босим остида қолган қурбон ариза ёзмайди ёки уни қайтариб олади. Қурбон зўравонликни кўникиши керак бўлган нормал ҳолат деб қабул қилади.
  • гувоҳлар жабрланувчи аризасини қайтариб олиши ёки уларни ўзганинг ҳаётига аралашишда айблаши мумкинлигини тушунган ҳолда жим туради. Гувоҳлар зўравонликни айрим инсонларнинг онгли танлови деб қабул қилади.
  • участка инспекторлари икки кундан кейин жабрланувчи аризасини қайтариб олиши мумкинлигини тушунган ҳолда ишни очишни «чўзади». Участка инспекторлари зўравонликни оилаларда мавжуд нормал ҳаёт тарзи сифатида қабул қилади.

«Ушбу ёндашув аёлларга нисбатан зўравонлик борасидаги бағрикенгликни кучайтиради, бу одатий ҳаёт тарзига айланади. Зўравонликка тоқат қилмайдиган муҳитни яратиш учун қонунчиликдан зўравонликни одатий ҳол сифатида қабул қилишга билвосита йўл қўядиган механизмларни олиб ташлаш керак», — дея қайд этди Nemolchi.uz бош муҳаррири.