Самарқанд шаҳрида террористик гуруҳлар сафига қўшилмоқчи бўлган 14 нафар шахс ушланди, дея хабар бермоқда ИИВ ахборот хизмати.

Хабарда айтилишича, Самарқанд шаҳридаги 14 нафар шахслардан иборат гуруҳ ижтимоий тармоқлар орқали Сурия ва Яқин шарқдаги террористик ташкилотлар жангарилари таъсирига тушиб, улар сафига бориб қўшилишни режалаштирган.

Уларнинг фаолиятига Самарқанд вилояти ИИБ ва ДХХ ходимлари томонидан амалга оширилган тезкор тадбирлар натижасида чек қўйилган.

Олдинроқ, ИИВ аҳоли орасида «Абдуллох Зуфар» номи билан танилган экстремистларнинг ғоявий раҳнамоларидан бири — Зофир Ғаффоровга нисбатан халқаро қидирув эълон қилингани, унинг ҳозирги кундаги аниқ манзили, алоқа воситалари, жиноий алоқалари ҳамда бошқа тергов учун аҳамиятли маълумотларни тақдим этган шахсларга, башарти уларнинг маълумотлари тасдиқланган тақдирда амалдаги қонунчиликка асосан мукофот пуллари тақдим этилиши ҳақида маълум қилган эди.

Агарда, юқоридаги маълумотларни тақдим этган шахсларнинг ўзлари қидирувда бўлса, уларни жиноий жавобгарлигини енгиллаштириш ва мамлакатимизга қайтариш чоралари кўриб чиқилади.

«Абдуллоҳ Зуфар» ҳақида маълумотларга эга шахслар Ички ишлар вазирлигининг 102 қисқа, (+998) 71 231−34−33 рақамларига ёки яқин атрофдаги ички ишлар органларига мурожаат қилишлари мумкин.