Ўзбекистонда ҳар бирининг майдони камида 20 сотих бўлган, турар жой мажмуасини ҳам қамраб олган иссиқхоналар (уй-иссиқхона мажмуалари) ташкил этилади. Бу президентнинг 7 июндаги қарорида ўз аксини топган.

Шунингдек, ташаббускор аҳоли томорқалари ва хонадонларида майдони камида 10 сотих бўлган иссиқхоналар ҳам барпо этилади.

Уй-иссиқхоналар қишлоқ хўжалигида фойдаланишга киритиладиган ер майдонлари, захирадаги ҳосилдорлиги паст бўлган пахта ва ғалладан қисқарган майдонлар, яроқсиз деб топилган боғ ва токзорлар жойлашган бўш ер майдонларида ташкил этилади. Бунда битта майдонда камида 100 та уй-иссиқхона жойлаштирилади.

Уй-иссиқхона мажмуаларини қуриш, жиҳозлаш ва эксплуатация қилиш давлат, инвесторлар ва ташаббускор аҳоли ўртасида давлат-хусусий шериклик тамойили асосида амалга оширилади. Бунда давлат ер майдонларини инвесторлар ўртасида ўтказиладиган очиқ танлов якунлари бўйича ижара ҳуқуқи асосида ажратади. Шунингдек, уй-иссиқхона мажмуасига ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари (жумладан газ, сув, электр энергияси, ички йўл) тортилишини таъминлайди.

Инвесторлар уй-иссиқхоналарни қурилиш, жиҳозлаш ва эксплуатация қилиш харажатларини ўз зиммасига олади. Бундан ташқари, иссиқхоналарга етиштирилган маҳсулотларни ташқи ва ички бозорларда сотади ва ҳисобини юритади.

Ташаббускор аҳоли эса шартнома асосида уй-иссиқхона мажмуаларида ўзини ўзи банд қилган ҳолда фаолият олиб боради ҳамда уларда маҳсулотлар етиштириш билан шуғулланади. Келишилган муддат якунланганидан сўнг уй-иссиқхона мажмуаларини мулк ҳуқуқи асосида, улар жойлашган ерни ижара ҳуқуқи асосида (ижара шартномасининг амал қилиш муддатига) бепул қабул қилиб олади ҳамда келгусида ундан мақсадли ва самарали фойдаланишни таъминлайди.

Ташаббускор аҳолини танлаш инвесторлар ва туман ҳокимликлари томонидан амалга оширилади.

Уй-иссиқхона мажмуаларини қуриш учун хориждан олиб келинадиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган йиғиладиган алоҳида қисмлардан иборат тайёр ҳолдаги замонавий иссиқхоналар 2021 йилнинг 31 декабрига, материаллар, хомашёлар ва бутловчи қисмлар эса 2023 йилнинг 31 декабрига қадар қадар божхона божидан озод қилинади.

Иссиқхоналар ва уй-иссиқхона мажмуалари учун ер солиғи ставкалари ҳамда уй-иссиқхона мажмуалари таркибидаги турар жойлар учун мол-мулк солиғи ставкалари улар фойдаланишга топширилган санадан бошлаб уч йил давомида 50 фоиз миқдорида ўрнатилди.

Қарорда Қишлоқ хўжалиги вазирлигига иссиқхона хўжаликлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида уруғчилик, навчилик, лаборатория ва логистика масалаларини қамраб оладиган кластер тизимини жорий қилиш топширилди.