Президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятидаги ташриф чоғида қувалик боғбон Мастура Сайфуллаева тажрибасини намуна қилиб кўрсатди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Мастура Сайфуллаева Сурхондарёга келиб, анорчиликни илмий асосда ривожлантириш учун Аграр университетининг вилоят филиалида таҳсил олаётган талаба қизлар ва тадқиқотчи аёлларни ишга жалб қилган.

«Кеча мен улар билан учрашдим. Қизларимиз билмайди, тушунмайди ўқимайди, деймиз. Чунки, уларни ўзимиз ўқитмаймиз-да. Менга соҳани ривожлантиришни илмий асослаб тушунтириб, шундай батафсил маълумот беришдики, уларнинг интилишига ҳавасим келди, меҳрим ошди. Аёлларимизнинг билими, малакаси кучли. Юзага чиқариш керак. Бундай олима аёлларимиз, қизларимиз оиласига ҳам, атрофдагиларга ҳам фойда келтиради, ўзидан илм нурини сочади», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев Бош вазир ўринбосари Шухрат Ғаниев, Сурхондарё вилоят ҳокими Тўра Боболовга Анорчилик йўналишидаги кафедра мудири ва таҳсил олаётган ёш олималарни Анор етиштириш тажрибасини ўрганиш учун илғор хорижий давлатларга юбориш бўйича топшириқ берди.

Шунингдек, Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиали негизида Университет қошида Агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институти ташкил этилиши маълум қилинди.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев сурхон фаоллари билан суҳбатида давомида ёшлар ва хотин-қизларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этишга ҳам тўхталиб ўтди.

Сурхондарё вилоятида 18−30 ёшдаги 611 мингдан зиёд ёшларнинг 57 мингтаси (9,3 фоизи) «Ёшлар дафтари»га киритилган.

«Дафтар»даги 51 минг нафар ёшларнинг бандлигини таъминлаш чоралари ва Мирокредитбанк 5 минг 300 нафар ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳаларига 136 млрд сўм кредит ажратишни таъминлаши зарурлиги таъкидланди. Шу билан бирга, Термиз шаҳрида 2 та, Денов, Термиз, Шўрчи туманларида 1 тадан «Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари»ни ташкил қилиш ҳамда бу йил мактабни битириб, меҳнат бозорига янги кириб келадиган 43 мингдан зиёд ёшларнинг бандлигини таъминланиши кераклиги қайд этилди.

Маълумотга кўра, вилоятда 29 минг нафар хотин-қизлар (2,2 фоиз) «Аёллар дафтари»га киритилган. Шундан йил бошидан буён 26 минг нафарига амалий ёрдам берилган.

1 сентябргача «Аёллар дафтари»га кирган 1,5 мингдан зиёд хотин-қизларни иш билан таъминлаш чораларини кўриш бўйича мутассадиларга топшириқ берилди.

Шунингдек, ушбу Жамғарма ҳисобидан оғир турмуш шароитида яшаётган 112 нафар аёлга ипотека кредити асосида уй олишда бошланғич бадал тўлаб берилиши кераклиги айтилди.

Халқ банки (Фарҳод Саломов) 2021 йилда 3 минг 774 нафар хотин-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳаларига 152 миллиард сўм кредит ажратиши кераклиги таъкидлаб ўтилди. Тўра Боболов, Абдуқодир Тошқуловга (олий таълим вазири) 2021−2022 ўқув йилида олий ўқув юртларига кирган, ота-онасидан бири ёки турмуш ўртоғи вафот этган эҳтиёжманд 100 нафар хотин-қизларнинг контракт тўлови вилоят ҳокимлиги, 50 нафари олий ўқув юртлари томонидан тўлаб берилишини таъминлаш бўйича топшириқ берилди.

Термиз шаҳрида йил якунига қадар ипак мато ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, ипак ва жун аралашмасидан гилам тўқиш корхонасида аёллар учун 2 мингта доимий иш ўрни яратилиши белгиланди.