Айни вақтда президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилояти фаоллари билан учрашув ўтказмоқда.

Давлат раҳбари Бандихон, Қизириқ, Музработ ва Шеробод туманларида очиладиган янги тадбиркорлик субъектларини ер, мол-мулк, кичик корхона айланмасидан олинадиган солиқлар, якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий миқдордаги даромад солиғидан 2024 йил 1 январга қадар озод этишни таклиф қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Бундан ташқари, вилоятдаги тоғли ва ерлари шўрланган ҳудудларда янгидан ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларини ҳам, 2024 йил 1 январга қадар юқоридаги солиқлардан озод қилиш ҳамда фойда солиғи ставкасини 2 баробарга камайтириши кераклиги таъкидланди.

Қўчқоров, Умурзоқов, Боболовга бир ой муддатда ушбу имтиёзлар бўйича Солиқ кодексига тегишли қўшимчалар киритиш ва уларни 1 июлдан қўллаш тўғрисидаги Қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш топшириғи берилди.

«Тадбиркорларни солиқ билан бўғмайлик, агар у йўлга тушиб олса, солиқ шундоқ ҳам тушади», — деди Шавкат Мирзиёев.