29 май кечаси Европа Чемпионлар лигасининг финал учрашуви ўтказилади. Ўйин олдидан жамоалар тайёргарлиги, уларнинг финалга қандай етиб келганлиги ва ўйинчилар ҳолати ҳақида превьюни тақдим этамиз.

Фото: uefa.com

«Манчестер Сити» — «Челси» (Тошкент вақти билан соат 00:00 да)

Жамоаларнинг миллий чемпионатлардаги натижалари: «Манчестер Сити» жамоаси Англия чемпионатида ушбу мавсум чемпион бўлди. Жамоа 38 ўйинда 86 очко тўплади ва энг яқин таъқибчисидан 12 очко олдинга ўтиб кетиб, ғолибликни қўлга киритди. Улар АПЛдаги сўнгги ўйинини 23 май куни ўз майдонида «Эвертон»га қарши ўтказишди ва 5:0 ҳисобида ғалаба қозонишди.

«Челси» эса 38-турдан кейин 67 очко билан турнир жадвалида 4-ўринни эгаллади. Лондонликлар сўнгги турда «Астон Вилла» меҳмони бўлди ва 2:1 ҳисобида мағлубиятга учрашди. Жамоа 38-тургача 3-ўринни эгаллаб турганди, лекин ушбу мағлубиятдан сўнг 4-поғонага тушиб қолди ва АПЛни шундай натижа билан якунлади.

Финалга қандай етиб келишди?

«Манчестер Сити» C гуруҳида 5 ғалаба ва 1 дуранг қайд этиб, 16 очко билан 1-ўринни эгаллаб нимчорак финалга йўл олди. Бу босқичда эса уларга «Боруссия Мёнхенгладбах» дуч келди. Ҳар икки ўйинда ҳам 2:0 ҳисобида ғалабага эришган манчестерликлар чорак финал босқичига чиқди. Ушбу босқичда эса «шаҳарликлар»га Дортмунднинг «Боруссия"си дуч келди. «Манчестер Сити» ҳар икки ўйинда ҳам бир хил 2:1 ҳисобида ғалабага эришиб, ярим финалга йўл олди. Ушбу босқчида манчестерликлар «ПСЖ»ни дастлабки учрашувда 2:1, жавоб ўйинида эса 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, финалга чиқди.

«Челси» ЕЧЛнинг E гуруҳида иштирок этиб, 14 очко билан 1-ўринни эгаллади ҳамда нимчорак финалга йўл олди. Мазкур босқичда «Атлетико Мадрид» рақиби бўлган жамоа дастлабки ўйинда 0:1, жавоб учрашувида эса 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, чорак финал иштирокчисига айланган эди. Ушбу босқичда улар «Порту»га қарши куч синашишди. Илк ўйинда 0:2 ҳисобида ғалаба қозонган жамоа, жавоб учрашувида ўз майдонида 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди. Ярим финалда «Челси» жамоаси «Реал Мадрид»га дуч келди. Испанияда бўлган илк ўйинда 1:1 ҳисобидаги дуранг қайд этилди, жавоб учрашувида лондонликлар 2:0 ҳисобида ғалабага эришишди.

Ўзаро ўйинлар: Жамоалар шу кунга қадар ўзаро 167 бор куч синашиб, улардан 68 тасида «Челси», 59 тасида «Манчестер Сити» ғалаба қозонган. 40 та ўйинда эса дуранг натижа қайд этилган. Маълумот учун, жамоалар еврокубокларда умумий 2 бор куч синашишган ва уларнинг иккисида ҳам «Челси» ғалабага эришган.

Жамоаларнинг айни вақтдаги яхши формадаги футболчилари:

Манчестерликлар сафида Фил Фоден ЕЧЛнинг ушбу мавсумида 12 ўйинда майдонга тушиб, жами 976 дақиқани майдонда ўтказган. Рақиблар дарвозасига 3 марта гол уриб, 3 марта асистентлик қилган.

«Челси» сафида ЕЧЛ доирасида Тимо Вернер 11 бор майдонга тушиб, 617 дақиқа майдонда бўлган. У ўзига берилган имкониятдан 4 марта гол урган бўлса, 2 марта голли узатмани амалга оширган.

Учрашув қаерда ўтказилади?

Фото: uefa.com

Коронавирус пандемияси шароитида Туркиядаги карантин чоралари сабабли Европа чемпионлар лигасининг финал учрашуви Истанбулда ўтмайдиган бўлди. УЕФАнинг қарорига кўра, финал баҳси Португалиянинг Порту шаҳридаги «Драгау» стадионига кўчирилди.

Маълумот учун, «Манчестер Сити» — «Челси» учрашуви 29 май куни Тошкент вақти билан 00:00 да бошланади.