Ўзбекистон Марказий банки 2020−2ғ21 йилларда муомаладаги нақд пулларнинг қисқача шарҳини тақдим этди.

Мбнинг аниқлик киритишича, пул-кредит сиёсатида нақд пуллар айланмаси ва муомалага чиқарилган нақд пуллар сони фарқ қилади.

Шарҳда қайд этилишича, 2021 йил январь-апрель ойларида банклар орқали нақд пул айланмаси ҳажми 149,3 трлн. сўмни ташкил этгани ҳолда, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 41,6 фоизга ошди.

Жумладан, банклар кассаларига нақд пул тушумлари 75,4 трлн. сўмни, ўз навбатида, чиқим қилинган нақд пуллар 73,9 трлн. сўмни ташкил этди.

«Банк кассалари орқали нақд пул айланмасининг кўпайиши пул муомаласининг бир қисми сифатида муомаладаги нақд пул миқдорининг кўпайганини англатмайди. Бу биринчи навбатда банк тизими орқали пул айланмасининг кўпайиши билан боғлиқ бўлиб, бу банкларнинг нақд пул операциялардаги ролининг ошиши билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин», — дейилади Марказий банк хабарида.

МБ маълумотларига кўра, 2020 йилда пул массаси тузилмасида нақд пул ҳажми 23,2 фоиздан 28,4 фоиз атрофидаги ташкил этган. 2021 йил 1 январь ҳолатига кўра, муомаладаги умумий нақд пул ҳажми674 млрд сўмга ошиб, 24,9 трлн сўмни (умумий пул массасининг 23,2 фоизи ва ЯИМнинг 4 фоизи) ташкил этди.

Август ойида 30,9 трлн сўмлик чўққисига чиққанидан сўнг (февраль-августда 4,7 трлн сўмга ошди), муомаладаги нақд пул ҳажми йил охирига келиб ўзининг узоқ муддатли даражасига тушди.

«Нақд пулларнинг вақтинчалик кўпайиши, биринчи навбатда, пандемия муносабати билан мамлакатда жорий қилинган чеклов чоралари билан боғлиқ эди, шундан сўнг жисмоний шахслар ўзларининг дастлабки эҳтиёжларини қондириш учун ўз маблағларини банк карталаридан фаол равишда олиб чиқа бошладилар», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Мбнинг таъкидлашича, банк пластик карталаридан пул маблағларини ечиб олиш ҳеч қандай тарзда пул муомаласининг умумий ҳажмига таъсир қилмайди, чунки пул муомаласи депозитлар ва муомаладаги нақд пуллардан иборат. Банк карталаридан пул ечиб олинганда фақат пул массасининг тузилиши ўзгаради, яъни муомалага чиқарилган нақд пул миқдори кўпаяди, аксинча депозитлар ҳажми камаяди.

Жорий йилдан бошлаб муомаладаги нақд пуллар ҳажмида камайиш кузатилмоқда. 2021 йил 1 май ҳолатига кўра, муомаладаги нақд пул ҳажми 23,5 трлн сўмни ёки умумий пул массасининг 22 фоизини ташкил этди. Шу билан бирга, тўрт ой ичида миллий валютадаги депозитлар ҳажми 44 трлндан 48 трлн сўмгача ошди.

Одатда, муомаладаги нақд пул миқдори иқтисодиёт ўсиши билан ўсиб боради, чунки у иқтисодиётдаги операциялар ҳажмининг ўсишига хизмат қилиши керак, деди Марказий банк.

«Шу билан бирга, банк хизматлари, шу жумладан нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ва тезкор тўлов технологияларининг ривожланиши ва тарқалиши билан, шунингдек, яширин иқтисодиётни камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар натижасида узоқ муддатли истиқболда муомаладаги нақд пулнинг камайиши кутилмоқда», — дейилади шарҳда.