Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ги қарори қабул қилинди, дея хабар бермоқда «Huquqiy axborot» Telegram-канали.

Ҳужжат билан, Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази тугатилди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ва унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилди. Бунда мавжуд 197 та марказлар мақбуллаштирилиб 29 та марказ тузилади.

Республика маркази ва ҳудудий марказлар давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланиб, унга маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири тавсиясига биноан Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган директор раҳбарлик қилади.

Марказларнинг асосий вазифаларидан бири тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизларга аноним тарзда шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиш ҳисобланади.

Марказларга зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари ҳамда ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизлар жойлаштирилади.

1 июндан бошлаб:

  • ҳимоя ордери нусхасини олган, яъни тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахслар профилактик ҳисобга олинади;
  • марказларга мурожаат қилган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларининг йўқотилган биометрик паспортларини (идентификация ID-карталарини) тиклаб бериш чоралари кўрилади.

Шунингдек, «AZIZ-AYOL.UZ» ягона интерактив миллий платформаси доирасида 24 соат узлуксиз ишловчи «ишонч телефони» (республика доирасида ягона қисқа рақам) ташкил этилади. У орқали хотин-қизларга шошилинч руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади.