«Газета.uz» сайтида «Бир қадам олдингами? Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ривожланишини қандай баҳолаш мумкин» сарлавҳаси остида эълон қилинган навбатдаги мақола юзасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги экспертлар ҳамжамияти билан очиқ мулоқотга киришишга тайёр эканини билдириб, унда кўтарилган масалалар бўйича ўз изоҳлари билан ўртоқлашишни зарур, деб ҳисоблайди.

«ННТлар уйлари»

Давлат томонидан ННТлар, жумладан ижтимоий йўналтирилган ННТларни қўллаб-қувватлаш бўйича очиқ сиёсат амалга оширилмоқда. Сўнгги 4 йил ичида ННТларни қўллаб қувватлаш бўйича қабул қилинган кенг кўламли чора-тадбирлар мазкур соҳа ривожига комплекс ёндашилаётганидан далолатдир.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри марказларида «ННТлар уйлари»ни ташкил қилиш орқали уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ташаббуси бевосита давлатнинг ўзидан чиққан (ПҚ-5430-сон, 04.05.2018 й.) ва бунда ННТлар эҳтиёжларини ўрганиш натижалари ҳисобга олинганлигига эътибор қаратиш лозим.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Андижон, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳокимиятлари олдида турган «ННТлар уйлари»ни ташкил қилиш ва фойдаланишга 2021 йил охиригача топшириш, шунингдек уларни зарур офис жиҳозлари, мебель, инвентарь, техника ва бошқа воситалар билан таъминлаш вазифаси Президентимизнинг 04.03.2021 йилдаги ПФ-6181-сон Фармонида ҳам ўз аксини топган.

Бу учинчи секторни қўллаб-қувватлаш масаласи кун тартибидан тушмаётганлигини англатади.

«ННТлар уйлари» каби фуқаролик институти юртимизда фуқаролик жамияти ривожи ва янгича ижтимоий муҳим ташаббуслар юзага келиши учун асосий туртки бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Бугунги кунда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоцияси (ЎзННТМА)нинг Самарқанд бўлими янги биносида 50 та ННТлар жойлаштирилган бўлиб, уларда самарали фаолият юритиш учун муҳокама майдончалари ва бошқа шароитлар яратилган.

Коворкинг-марказлар

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, «Тараққиёт стратегияси» маркази ва ЎзННТМА томонидан илгари сурилган коворкинг-марказлар, яъни фуқаролик жамияти институтлари вакиллари учрашиши ва биргаликда ишлаши учун бепул майдончалар ташкил қилиш ташаббуси давлатимиз раҳбари томонидан 03.03.2021 йилдаги ПҚ-5012-сон қарори билан маъқулланди.

Шунингдек, фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш ва фуқароларни жамоат бошқарувига жалб қилишга қаратилган «Ўзбекистонда инновациялар йўлидаги шериклик» дастури «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати томонидан халқаро шериклар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Дастур доирасида «Юксалиш» ҳаракати негизида видео-конференц алоқа техникаси ва турли тадбирларни ўтказишга мўлжалланган ускуналар билан жиҳозланган коворкинг-маркази иш бошлади. Бу ерда ижтимоий муҳим масалаларга оид семинарлар, тренинглар, учрашувлар ва жамоатчилик муҳокамалари ташкил этилмоқда. Коворкинг-марказ мустақил равишда онлайн таълим олиш учун ҳам кенг имкониятлар тақдим этмоқда.

Шу билан бирга, Навоий вилоятининг «Дўстлик ва ННТлар уйи»да «Тўмарис» аёллар ва ёшлар маркази томонидан жорий йилнинг февраль ойида ННТларнинг самарали фаолият юритиши учун шароит яратувчи «Коворкинг-марказ» лойиҳаси тақдимоти ўтказилди.

«ННТлар уйлари» ва коворкинг-марказларини очиш бўйича ишлар давом этмоқда, шунинг учун ҳзирда ва келгусидаги уларнинг фаолияти бўйича асоссиз ва етарли даражада текширилмаган башоратлар қилиш ноўрин.

ЎзННТМАнинг «ННТ уйлари»га жойлаштиришга доир фаолияти

Энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.03.2021 йилдаги ПҚ-5012-сон қарори билан ЎзННТМАга кенг жамоатчилик таклифлари асосида ННТларни «ННТлар уйлари»га жойлаштириш бўйича тавсиялар бериш тартибини ишлаб чиқиш тавсия этилганлигига эътибор қаратиш лозим.

Албатта, мақолани тайёрлаш давомида муаллиф мазкур масалада ЎзННТМАга тегишли сўров юборганида мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки, бу ҳолатда муаллиф ЎзННТМА томонидан ташаббускор ННТлар хоҳишларини эътиборга олиш, жойларда ННТларни ривожлантириш ҳолати бўйича юзага келаётган вазиятни ўрганиш, юқорида қайд этилган тартибни ишлаб чиқиш асносида ҳудудлардан таклифлар йиғиш борасида қандай ишлар амалга оширилаётгани хусусида янада аниқроқ хулосага келиши мумкин бўларди.

Биздаги маълумотларга кўра, ЎзННТМА раҳбарияти томонидан жорий йилнинг март-апрель ойларида Ўзбекистон бўйлаб хизмат сафарлари амалга оширилиб, жойларда Ассоциация вакиллари «ННТлар уйлари»га ташриф буюрди, «ННТлар уйлари» қурилиши билан танишди. ННТларни «ННТлар уйлари»га жойлаштириш бўйича таклифлар олиниб, эҳтиёжлар ўрганилмоқда.

ЎзННТМА томонидан тайёрланган тартиб лойиҳаси очиқ мулоқотлар доирасида келиб тушган фикрларни ҳисобга олган ҳолда қайта ишланиб, яқин орада кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.

«ННТ уйлари» қурилиши тугалланиб уларда ННТлар жойлаштирилгач, экспертлар ҳамжамиятининг бу борадаги кўплаб саволларига жавоб топилади.

Грантларни молиялаштириш/келишиш

«Келишиш» сўзи қандай маънони англатмасин, 4 йил аввал ўрнатилган тартиб хорижий грантларни олишнинг янада эркинлашганлигига хизмат қилмоқда. Мазкур масалада фактларнинг ўзи сўзламоқда, яъни пул маблағлари оқими 2020 йилга келиб 2017 йилдаги кўрсаткичдан 12 баравар ортди.


Бунда ННТлар томонидан хорижий давлатлар, халқаро ва хорижий ташкилотлардан келиб тушган пул маблағлари ва мол-мулкдан фойдаланиш фақатгина рўйхатга олувчи орган билан уларни олиш бўйича келишилгандан сўнг ҳеч қандай тўсиқсиз амалга оширилади. Грант маблағлари ННТнинг исталган банк муассасаларида очилган махсус ҳисобварақларига келиб тушиши мумкин.

Шу билан бирга, адлия органлари ҳали бирор марта қайсидир ННТга «мақсадга мувофиқ эмас» деган важ билан хориждан пул маблағлари олинишини рад этмаганлигини қайд этиш жоиз. Шунинг учун, бу йўл билан мавжуд бўлмаган муаммоларни сунъий равишда бўрттириб кўрсатиш ярамайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам давлат ННТ фаолияти учун хориждан келиб тушаётган пул маблағлари ҳақида билиш ва уларнинг манбаларини текшириш ҳуқуқига эга. Бу — инкор этиб бўлмайдиган аксиома.

Юқорида қайд этилган маблағларни қўлга киритган жамоат бирлашмалари ва жамғармалари томонидан ўтган йили 120 дан ортиқ лойиҳалар/дастурлар амалга оширилди.

Президентимизнинг 03.03.2021 йилдаги ПҚ-5012-сон қарори билан жорий йил 1 мартдан ННТлар томонидан рўйхатдан ўтказувчи органни хабардор қилган (маълумот учун) ҳолда хорижий манбалардан олинадиган пул маблағлари ва мол-мулкнинг бир календарь йилидаги жами суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан (4.9 млн.сўм) юз бараваригача (24.5 млн.сўм) оширилди.

ННТларни молиялаштиришнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши

Аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга жалб қилинган айрим ННТларда моддий-техник база етарли эмас. Мақсадли капиталга эга бўлган айрим ННТларгина ўз фаолияти давомида етарли молиявий ва иқтисодий мустақилдир. Кичик ва ўрта ННТларнинг аксарияти кўп жиҳатдан кўлами ва вақти жиҳатидан ҳолда хусусий филантропик молиялаштиришга таянади.

Жамоатчилик сектори — ННТларнинг асосий рағбати даромад олиш эмас, балки жамоатчиликка фойда келтиришдир.

Бу вазиятда давлат фуқароларнинг ижтимоий йўналтирилган ННТларини қўллаб-қувватлаш орқали жамоат ишларини ҳал қилишда уларнинг иштирок этишига қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.

Юртимизда рўйхатдан ўтган ННТлар ёпиқ эмас, балки сиёсий тизим, биринчи навбатда давлат ҳокимияти институтлари билан доимий ва самарали ўзаро ҳамкорлик қилади, демократик жараёнга аҳолининг фуқаролик фаоллигини олиб кирган ҳолда унга таъсир кўрсатади.

Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.12.2018 йилдаги ПҚ-4086-сон қарорига мувофиқ ННТлар ва бошқа фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш учун 2019 йилда — 28 млрд. 550 млн. сўм., 2020 йилда — 38 млрд.339 млн. сўм., 2021 йилнинг шу даврига эса — 60 млрд.сўм миқдорида маблағ ажратилган. Бундан ташқари, бу йил қўшимча равишда яна 30 млрд. сўм ажратиш кўзда тутилган.

Норасмий волонтёрлар гуруҳлари

Адлия вазирлигида Ўзбекистон волонтёрлар ассоциацияси рўйхатдан ўтказилган. Унинг асосий вазифаси волонтёрлик фаолиятини ташкил этишга доир ташаббусларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш, волонтёрлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдир.

ННТларни рўйхатдан ўтказиш, умумий асосда, қонунчилик талабларига мувофиқ амалга оширилади.

«Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ ННТлар жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, бошқа демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, ижтимоий, маданий ва маърифий мақсадларга эришиш, маънавий ва бошқа номоддий эҳтиёжларни қондириш, хайрия фаолиятини амалга ошириш учун ҳамда бошқа ижтимоий фойдали мақсадларда ташкил этилишини қайд этиш лозим.

Республикада белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган ННТлар асосан ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, ёшлар, аёллар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлик ва фермерлик, экология, спорт, демократия, соғлиқни сақлаш, ОАВ, ҳунармандчилик, маданий-тарихий ва маърифий соҳалар ва бошқа соҳаларда фаолият юритади.

«Oltin qanot» ташкилотини давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш тўғрисида адлия органи мурожаатчиларни бир неча бор хабардор қилган, бундан ташқари, рўйхатга олувчи органнинг ҳеч бир қарори устидан суд тартибида шикоят берилмаган.

Шу сабабли, мурожаатчилар давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатлар қонунчилик талабларига риоя қилинмаган ҳолда топширилганини амалда тан олганликлари тўғрисида хулоса қилиш мумкин бўлади.

Маълумот сифатида билдириладики, 2020 йилда ННТларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун топширилган 810 та мурожаатнинг 449 таси қаноатлантирилган бўлиб, жорий йил биринчи чоракнинг ўзида 151 та ННТлар рўйхатга олинган.

«Шаффоф хайрия» ягона интерфаол портали

«Шаффоф хайрия» ягона интерфаол портали 2021 йил 1 майдан жорий этилган бўлиб, shaffofxayriya.uz сайти тест режимида ишламоқда.

Бу ерда гап порталда норасмий волонтёр гуруҳларини ННТ сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақида эмас, балки хайрия қилувчиларнинг пул маблағлари кирим-чиқимининг шаффофлигини таъминлаш ҳақида кетмоқда.

Портал хайрия маблағларини марказлашган ҳолда жамлаш ва тақсимлаш, уларнинг мақсадли ва манзилли фойдаланилиши бўйича мазкур жараёнларнинг тўлиқ автоматлашуви ва шаффофлигини таъминловчи мониторингни амалга ошириш имконини беради, шунингдек, хайрия қилувчи шахсларнинг ўз маблағларининг ишлатилиши устидан кузатиб бориш имконини беради.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ташкилотлари: улар қанча ва уларни қай тарзда рўйхатдан ўтказиш лозим?

Ўзбекистон Республикасида ННТлар жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, бошқа демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, ижтимоий, маданий ва маърифий мақсадларга эришиш, маънавий ва бошқа номоддий эҳтиёжларни қондириш, хайрия фаолиятини амалга ошириш учун ҳамда бошқа ижтимоий фойдали мақсадларда тузилади («Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида"ги Қонуннинг 2-моддаси).

Қонунчилик ҳуқуқ ҳимоячиларининг алоҳида ҳуқуқий мақомини кўзда тутмайди. Бироқ, ҳар қандай ННТ у ёки бу даражада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланади, шунинг учун, уларнинг аксарият қисмини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар қаторига қўшиш мумкин.

Миллий ННТлар каби хориж ННТларни рўйхатга олиш учун қонунга мувофиқ ягона талаблар белгиланган, барча ННТларга нисбатан ягона ёндошув амалга оширилади.

Мақолада кўрсатилган «Эзгулик» Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича жамият, «Таянч» Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ижтимоий бирлашмаси каби ташкилотлардан ташқари, Ўзбекистон халқаро ҳуқуқ ассоциацияси, Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Инсон ҳуқуқлари ва гуманитар ҳуқуқини ўрганиш маркази, Инсон ҳуқуқи маданияти маркази, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти, Имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази, Ногиронлар ассоциацияси ва бошқа шу каби ташкилотлар ҳам муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Баъзи ННТ ларни давлат рўйхатига олишни рад этишнинг сабаблари

Бухоро вилояти адлия бошқармасига «Гуманитар ҳуқуқи маркази»ни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризалар 2019 йил 29 июль, 209 йил 18 ноябрь, 2020 йил 10 февраль ва 16 июлда тақдим этилган.

Юқорида кўрсатилган мурожаатлар Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан кўриб чиқилган, аммо тақдим этилган ҳужжатларнинг қонунчилик талабларига мувофиқ эмаслиги сабабли ташкилотни рўйхатга олиш рад этилиб, бу ҳақда мурожаатчиларга рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда хабар берилган.

Давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш учун ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси жамоат бирлашмалари тўғрисида» Қонунининг 10-моддаси, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида"ги Қонуннинг 17, 21-моддалари, Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 13-банд «а» кичик банди ва 14-банди талабларига хилоф равишда тақдим этилганлиги асос бўлган.

Шу вақтда қадар мурожаатчилар давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш тўғрисида қабул қилинган қарордан норози бўлган тақдирда мазкур қарор устидан суд тартибида шикоят бериш ҳуқуқларидан фойдаланмаганлар.

«Чироқ» ННТни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризалар Қорақалпоғистон Республикаси Адоия вазирлигига 2019 йил 24 декабрь ва 2020 йил 28 февраль кунлари тақдим этилган.

Шу муносабат билан, тақдим этилган ҳужжатлар Ўзбекистн Республикаси «Жамоатчилик назорати тўғрисида"ги Қонуннинг 6-моддаси, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида"ги Қонуннинг 21-моддаси
ва юқоридаги Низомнинг 14-банди талабларига жавоб бермаганлиги сабабли ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилиб, бу ҳақда мурожаатчиларга рад этиш сабаблари батафсил тушунтирилган ҳолда ҳабар берилган. Давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш тўғрисида қабул қилинган қарор устидан мурожаатчилар шикоят бермаганлар.

«Инсон ҳуқуқлари уйи» ННТни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризалар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига
2020 йилнинг 7 февраль, 7 июль, 15 сентябрь ва 7 декабрь кунлари тақдим этилган.

Ҳужжатларни «Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида"ги Қонуннинг 15 ва 17-моддалари ҳамда юқоридаги Низомнинг 6, 12 ва 13-бандлари талабларига мувофиқ эмаслиги сабабли давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилди, бу ҳақда мурожаатчилар белгиланган тартибда хабардор қилинган. Ҳозирги кунга қадар ННТни рад этиш тўғрисида қабул қилинган қарор устидан суд тартибида шикоят қилишмаган.

«Мен тирикман» ННТни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризалар Фарғона вилояти вдлия бошқармасига 2020 йил 16 июнь ва
10 август кунлари тақдим этилган.

Ўтказилган экспертиза хулосасига кўра, тақдим этилган ҳужжатлар «Ўзбекистон Республикаси жамоат бирлашмалари тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддаси, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида"ги Қонуннинг
9-моддаси ва юқорида кўрсатилган Низомнинг 4-банди талабларига номувофиқлиги аниқланган. Давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, бу хақда мурожаатчилар белгиланган тартибда хабардор қилинган. Мурожаатчиларга рад этиш сабабларини тушунтириш билан бирга, шикоят билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқи
ҳам тушунтирилган.

Уставлар (Низомлар) намуналари

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ННТлар ташкил этилиши мумкин бўлган ташкилий-ҳуқуқий шакллар рўйхати «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида"ги Қонунда кўзда тутилган.

Турлича ташкилий-ҳуқуқий шакллар шаклдаги ННТлар таъсис ҳужжатлари ва уставларига нисбатан талаблар турлича қўйилади. Ҳар бир ташкилий-ҳуқуқий шаклга ягона устав қўлланила олмайди. Ҳозирги вақтда умумий намунадаги устав тайёрлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

ННТлар сони

Мақолада жойларда ННТларни ҳисобга олиниши ва ушбу ташкилотларнинг фаолияти гумон остига олинади, аслида улар бош ташкилотига эга бўлсада алоҳида ташкилот ҳисобланади.

Шу сабабли, муаллиф мазкур соҳага ўз ҳиссасини қўшаётган жойлардаги ННТларнинг барча махсус бўлинмалари амалдаги қонунчиликка мувофиқ алоҳида юридик шахслар ҳисобланишини эътиборга олиши керак эди.

ННТ лар фаолиятининг очиқлиги

Бугунги кунда фуқаролик жамияти ва давлат ўртасидаги шерикчилик комплекс муаммоларни ҳал этишнинг энг самарали усули сифатида эътироф этилмоқда.

Қонунчиликка мувофиқ, ННТлар қонунларга риоя қилишлари ва ўз фаолиятлари тўғрисида маълумот бериб боришлари шарт. Шу билан бирга, ННТлар фаолияти ошкора бўлиши, уларнинг фаолияти тўғрисидаги ҳужжатлар эса (таъсис ва дастурий) — жамоатчилик учун очиқ бўлиши лозим.

ННТлар фаолияти шаффофлигини таъминлашнинг асосий механизмларига ташкилотнинг расмий сайти (ташкилот фаолияти, давлат грантлари, хусусий дастур ва лойиҳаларнинг амалга оширилиши тўғрисидаги материаллар бериб борилади) жорий этилганлигини киритиш мумкин.

Ташкилот фаолияти тўғрисида йиллик ҳисобот анъанавий равишда учинчи сектордаги оммавий ҳисобдорликнинг асосий воситаси ва фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш механизми сифатида эътироф этилади.

Таҳлилларга кўра, ННТларнинг 10%гина қисми бошқарувнинг шахсий таркиби ва ташкилотлар тузилмалари тўғрисида ўз сайтида тўлиқ ахборотни бериб боради, қолган 90% эса умуман бундай маълумотларга (сайтдаги молиявий ҳисоботларни ҳам эътиборга олган ҳолда) эга эмас.

Шу билан бирга, ННТларнинг шаффофлиги ташкилотнинг куч-қувватини намойиш қилади, ўзларининг муаммоларини ҳал қилишда кўмак беради, фуқаролар ва донорлар томонидан ННТларга бўлган ишончнинг ортишига ёрдам беради.

Ўз навбатида давлат органлари ҳам ўз фаолиятларида шу каби очиқлик тамойилидан фойдаланишлари керак.

Бунга Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг фаолияти ёрқин мисол бўла олади.

Адлия вазирлиги фаолиятининг максимал очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, тизимда коррупцияга қарши кураш бўйича самарали механизмини жорий этиш, вазирлик фаолияти тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиб бориш, аҳолининг ҳуқуқий ахборотга бўлган талабини таъминлаш учун «Open Justice» («Очиқ адлия») https://minjust.uz/ru/press-center/news/98436/ дастури ишлаб чиқилган ва амалиётга жорий этилган.

Давлат хокимияти ва бошқаруви идоралари фаолияти очиқлиги рейтингида («Очиқлик индекси») Адлия вазирлиги 2018 йилдан буён 59 та давлат органлари орасида биринчи ўринни эгаллаб келмоқда.

ННТлар тўғрисидаги кодекс лойиҳаси

Лойиҳани ишлаб чиқишда Адлия вазирлиги ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали жамоатчиликни лойиҳани ишлаб чиқишда иштирок этишга чорлади.

Ҳозирги кунда мавжуд муаммоли масалалар ва уларни ҳал этиш бўйича ишчи ва экспертлик гуруҳлари томонидан тақдим этилган таклифлар таҳлилини инобатга олган ҳолда лойиҳани такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Лойиҳа ҳажми, мақсадлари ва вазифаларининг муҳимлигини эътиборга олган ҳолда уни кўриб чиқиш учун Ҳукуматга киритиш муддати белгиланган тартибда узайтирилди.

Ҳозирги кунда лойиҳанинг яккуний таҳрири ишчи ва экспертлик гуруҳлари томонидан тасдиқланмаган ва жамоат муҳокамасига қўйилмаган. Лойиҳа тайёр бўлганда у албатта жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги.