«Газета.uz» нашри «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳаси доирасида чет эл олийгоҳларида ўқиётган ёки хорижда таълим олиб, ҳозир ишлаётган ўзбекистонликлар билан суҳбат уюштиради. Бунда уларнинг чет элдаги ҳаёти, нега хорижий таълимни танлаганлиги, уларнинг бошидан ўтган синовлар ҳақида сўз боради. Лойиҳанинг навбатдаги меҳмони — Дилшод Давронов.

Дилшод Давронов 1992 йил Бухоро вилоятида туғилган. У 8-синфгача Бухоро шаҳридаги 30-сон мактабида, 8-синфдан бошлаб эса 19-сон иқтидорли болалар учун мактаб-интернатида таълим олган. 2009 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг «Халқаро иқтисодий муносабатлар факультети»га ўқишга кирган. 2014 йилда бакалаврни битиргач бироз муддат Ташқи иқтисодий фаолият, инвестициялар ва савдо вазирлигида фаолият юритган ҳамда шу билан бирга Дипломатия университетининг магистратура босқичида таълим олишни бошлаган. Бироқ 2015 йилда магистратура ва ишини ташлаб Венгриянинг Будапешт шахридаги Марказий Европа Университетига — магистратура босқичида таълим олиш учун кетган. 2016−2018 йилларда американинг Morgan Stanley инвестицион банкида Credite Risk Management бўлимида таҳлилчи ва етакчи таҳлилчи лавозимларида ишлаган. 2018 йилдан буён Германиянинг Франкфурт шахрида VTB Europe SE инвестицион банкида Associate лавозимида фаолият юритиб келмокда. Ихтисослиги — кўчмас мулк соҳасидаги инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш.

— Ёшлигингиздан то хорижга кетгунингизга қадар бўлган давр ҳақида гапириб берсангиз…

— Ўрта таълимни Бухоро вилоятида собиқ Турк лицейи асосида ташкил этилган Иқтидорли болалар мактаб-интернатида олганман. Ушбу муассаса математика ва физика йуналишларига ихтисослашган булиб, ўқувчилари 90 йилларнинг охири ва 2000 йилларнинг бошларида бир неча йил кетма-кет фан олимпиадаларида Республикада совринли ўринларни қўлга киритишган. Кейинчалик кўпчиликка таниш Қоракўл лицейи бу борада олдинлаб кетган. Мен ўзим ҳам ўқиш даврида математика ва инглиз тили фанларидан олимпиадаларда иштирок этиб, туман ва вилоят боскичларида совринли ўринларни қўлга киритишга муваффақ бўлганман. 2009 йилда 16 ёшимда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг «Халқаро иқтисодий муносабатлар» факультетига бюджет асосида ўқишга қабул қилинганман. Дипломатияда ўқиш даврида 2012 йилда Кореянинг AJOU университетида талабалар алмашинув дастури асосида ўқишга ҳам муваффақ бўлганмиз.

Фото: Дилшод Давроновнинг шахсий архивидан

— Билишимиз бўйича, сиз Ўзбекистонда бакалаврни ўқиб, магистратура босқичини эса ярмидан ташлаб, чет элга кетгансиз. Дипломатия университети магистратурасини ташлаб кетишга сизни нима мажбур қилди?

— Ўқиш даврида ўқишни битиргач давлат ишида ишлаш, шу билан биргаликда илмий фаолият билан шуғулланиб, келажакда докторлик даражасини олиб, ярим ставка асосида университетда дарс бериш мақсадим бор эди. Шу сабабли хам ўқиш даврида устозларимизнинг кўмаклари асосида 20 дан ортиқ илмий мақолалар, жумладан Япония, Хиндистон, Россия ва Корея нашрларида, ҳамда 1 та илмий монография чоп эттирганмиз. Сўнг 2014 йилда бакалаврни битиргач, Дипломатиянинг магистратура босқичига қабул қилинганман, шу билан бир вақтда ўша пайтдаги Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида (кейинчалик бу вазирлик бир неча бор қайта ташкил этилди) ярим ставка асосида ишлаганман.

Бироқ тез орада магистратурада ўқиш сифатининг бакалаврдагидан ҳам пастлиги, кўпчилик шунчаки магистр дипломи учун ўқиши ҳафсаламни пир қилган. Давлат ишида ҳам жуда кўп нарса кутганимдек бўлиб чиқмаган. Илмий салоҳият талаб этиладиган деярли ҳеч нарса билан шуғулланмаганмиз. Асосан ҳаддан зиёд қоғозбозлик, фойдасиз ва туганмас ҳисоботлар билан банд бўлганмиз. Ишдаги совет тузумига хос корпоратив муҳит ҳамда ойлик маошнинг жуда камлиги ҳақида гапирмасам ҳам бўлади.

Шу вақт мобайнида, Россиянинг Олий иқтисодиёт мактаби (Высшая школа экономики) томонидан ташкил этилган «Жаҳон иқтисодиёти» йўналиши бўйича халқаро олимпиадада иштирок этиб, совринли ўринни эгаллаганим учун мазкур университетнинг магистратурасига имтиҳонсиз қабул қилинганман. Қолаверса, Венгрияда жойлашган Марказий Европа Университетининг (Central European University) «Глобал иқтисодий сиёсат» (Global Economic Policy) мутахассислиги бўйича магистратура дастурига тўлиқ грант асосида ўқишга қабул қилинганман.

Марказий Европа Университети Американинг олий таълим муассаси бўлгани, Европа эмас, балки Америка таълим тизими асосида фаолият юритиши ҳамда мазкур таълим даргоҳида Американинг жуда кўп топ университетларининг (Гарвард, Стэнфорд, Принстон каби) профессорлари дарс бериши сабабли шу университетда ўқишни давом эттиришга қарор қилганман. Шунинг учун ҳам Дипломатиядаги магистратурамни 2-семестрда, шу билан биргаликда ўша пайтдаги ишимни хам ўз хоҳишим билан ташлаб кетганман.

— Хорижга кетишдан аввал сиз учун энг катта мотивация нима эди?

— Дипломатияда ўқиб юрганимда бир нечта устозларимиздан, халқаро тоифадаги мутахассислардан (Улуғбек Ҳасанов каби) таълим олиш бахтига муяссар бўлганмиз. У инсонлар қай даражада ўз соҳаларининг мутахассиси эканлиги, интеллектуал даражасининг юқорилиги, бир нечта чет тилларида бемалол маърузаларни ўқий олишларини ҳамда ажойиб инсоний ҳислатларини кўриб жуда ҳавас қилганман ва улар каби етук мутахассис, яхши инсон бўлишни ният қилганман. Шу сабабли ҳам билимимни ошириш, дунё кўриб, ўз дунёқарашимни кенгайтириш ҳамда халқаро тажриба орттириш мақсадида чел элга кетишга қарор қилганман.

Фото: Дилшод Давроновнинг шахсий архивидан

— Мана сиз ҳозир талаба эмассиз, ишлаяпсиз. Ўша мотивация ҳали ҳам борми? Балки янгилари қўшилгандир…

— Мотивация бор, албатта. Магистратурада ўқиш даврида халқаро молиявий бозорлар соҳасига қизиқиш пайдо бўлган ва университетда асосан шу соҳага тааллуқли фанларни танлашга ҳаракат қилганман, қолаверса қўшимча мустақил равишда мазкур соҳага доир адабиётлар ва онлайн курсларда ўқиганман.

2-курсдалигимда Американинг Morgan Stanley инвестицион банкининг Credite Risk Management бўлимига таҳлилчи сифатида ишга кириб, у ерда жуда кўп амалий тажриба орттиришга муваффақ бўлганмиз. У ерда Morgan Stanleyнинг кўчмас мулк соҳасига киритилган 2 миллиард доллардан ошиқ кредит инвестициялари ҳамда деривативлардан ташкил топган портфельни назорат қилганман. Иш жараёнида ҳам жуда ақлли ва муваффақиятли инсонлар билан танишганмиз. Уларнинг ақлли ва муваффақиятли бўлишлари ҳамда юқори лавозимларни эгаллашларига қарамасдан самимий, камтар ва ўз ёрдамини аямайдиган инсоний ҳислатларни ўзларида жам қила олишганини кўриб, шулар каби бўлишга интилганмиз ва ҳозирги кунда ҳам шу мақсад сари ҳаракат қилмоқдамиз.

Яна бир мотивациялардан бири бу — иложи борича кўпроқ давлатларга саёҳат килиб, у ерлардаги ҳар хил бэкграунд (тажриба, ўтмиш, ҳикоя — таҳр.) эга бўлган инсонлар, маҳаллий маданият ва вазият билан танишиш, янгича тажриба ва саргузаштлар оркали ўз дунёқарашимни янада кенгайтириш.

— Венгрияда Марказий Европа университетидаги таълим ҳақида айтиб берсангиз. Ўзбекистондаги таълим билан солиштирганда, қандай фарқлари бор?

— Чет элга чиқиб биринчи англаб етган нарсам, чет эл таълим тизимининг, жумладан Марказий Европа Университетида Ўзбекистон таълим тизимига нисбатан бир неча ўн баробар ривожланган эканлиги бўлган. Бутун дунёдан келган курсдошларим билан музокаралар жараёнида Ўзбекистоннинг таълим тизими баъзи бир йўналишларда ҳаттоки Марказий Осиёнинг хамда Африканинг баъзи бир мамлакатларидан хам қолоқлигини англаб етиш жуда алам қилган ўшанда.

Марказий Европа Университетида асосий эътибор таълимнинг сифатига, берилаётган билимларнинг қай даражада замонавий талабларга жавоб бериши хамда уларнинг амалиётда кандай қўлланилишига қаратилади. Ўқиш жараёнида жуда кўп кейс стадилар (case study) кўриб, таҳлил қилиб чиқилади. Қолаверса, талабалар қизиқишларига ва келажакдаги максадларига қараб фанларни танлаш ҳуқуқига эга бўлади. Плагиатга жуда қаттиқ қарашади ва озгина бўлсада плагиатга йўл қўйиш талабанинг ўша фандан «йиқилишига» ҳамда ҳаттоки ўқишдан бутунлай четлатилишига ҳам олиб келади.

Ўқишга формада келиш, конспект, маънавият соатлари каби бемани нарсалар йўқ. Қолаверса, чет элда деканатнинг «любимчик» талабалари деган тушунча йўқ. Аниқроғи, ҳамма талаба бирдек «любимчик», кимнидир ўғли ёки жияни бўлишмаса ҳам, ижтимоий тадбирларда қатнашиб университет маъмуриятининг хизматини қилмаган бўлса ҳам.

Талабалар билимини баҳолаш барча учун бирдек адолатли ҳамда холис, баъзи ҳолларда эса аноним тарзда амалга оширилади. Шунингдек талабалар ҳам профессорларнинг таълим бериш фаолиятини баҳолашади ва «қониқарсиз» баҳо олган профессорлар келаси семестрдан ишдан четлатилади.

Фото: Дилшод Давроновнинг шахсий архивидан

— Кетганингиздан кейин дунёқарашингиз қай даражада ўзгарди, деб ўйлайсиз?

— Бир қанча ўзгаришлар бўлди, албатта. Шу жумладан, қилинадиган ишлар ҳақида олдиндан эмас, балки қилиб бўлгандан сўнг гапириш, шунда ҳам иложи борича баланд-парвоз сўзларсиз, қолаверса, бошқаларнинг шахсий ҳаётига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларнинг дини, ирқи, жинси, маданияти ва сиёсий қарашларини (сизники билан тўғри келмаса-да ва уни қабул қилмасангиз-да) ҳурмат қилиш, шахсий қарашлар билан профессионал муносабатларни аралаштирмаслик каби кўникмаларга ўргандим.

— Венгрияга борганингиздан кейин қийинчиликлар бўлдими? Энг катта қийинчилик нима эди?

— Энг катта қийинчилик ош учун сариқ сабзи топиш билан боғлик бўлган (кулади). Бошқа жиддий қийинчиликларга дуч келмаганмиз.

— Ҳозир Германиядасиз. У ерда нима иш билан шуғулланасиз?

— Германиянинг Франкфурт шаҳрига 2018 йилда иш юзасидан кўчиб келганман. Ҳозирги кунда VTB Europe SE инвестицион банкининг Investment Banking бошқармасида Associate лавозимида фаолият юритаман.

Асосий ихтисослигим кўчмас мулк соҳасидаги инвестицион лойиҳалар билан шуғулланиш. Шу билан биргаликда баъзида лойиҳаларни молиялартириш (Project Finance), ликвид бўлмаган юқори хатарли кредитлашга (Illiquid High Yield Lending, Leveraged Finance) оид лойиҳалар/транзакциялар билан шуғулланаман.

— Германияга кўникиш масаласида қийинчиликлар бўлмадими?

— Бу ерда ҳам жиддий қийинчиликларга дуч келмаганман. Франкфурт халқаро шаҳар бўлганлиги учун, немис тилини умуман билмаслигим ҳам деярли ҳеч қанақа қийинчилик туғдирмаган.

Бироқ кейинчалик маҳаллий тилни ўрганишни бошлаганмиз. Немис халқи жуда яхши халқ. Қолаверса, бу ерда хар бир соҳада тизим жуда аниқ ва яхши ишлайди. Шунинг учун ҳам мослашиб кетиш катта кийинчилик туғдирмайди.

— Сир бўлмаса қанча ойлик маош оласиз?

— Сир (кулади).

Шуни айтишим мумкинки, investment banking соҳасида фаолият юритувчиларнинг даромади асосан 2 қисмдан иборат бўлади. Биринчиси, олдиндан белгиланган ойлик маош бўлса, иккинчиси, ходимнинг фаолиятига боғлиқ (Performance-based) бонус тўлови. Бонуснинг миқдори бир йиллик маошга тенг бўлиши мумкин. Умуман олганда тўлов миқдори аксарият бошка соҳа вакиллариникига нисбатан юқори.

Бироқ шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, investment banking рақобат энг юқори бўлган соҳалардан бири ҳисобланиб, ишга киргандан сўнг ҳафтасига ўртача 80−100 соат ишланади. Юқори ақлий-таҳлилий меҳнат талаб қилинади ва буни барчанинг хам соғлиғи кўтаравермайди.

— Instagram саҳифангизда сиз асосан Европа шаҳарлари ҳақида постлар ёзиб қолдиргансиз. Умуман, Европа ҳақида таассуротларингиз қандай? Сиз яшаган Европанинг икки давлати орасидаги фарқли ёки ўхшаш жиҳатлари нима? У ерда сизни ҳайрон қолдирган ҳолатлар бўлдими?

— Ҳозирга қадар 30 та давлатда бўлдим, асосан Европа давлатлари. Бу ерда биринчи бўлиб эътиборимни тортган ва менга жуда ёқадиган жиҳати, Европада инсонлар жуда самимий, камтар, ўзаро ҳурматли ва интеллектуал ривожланган. Тошкентда тез-тез учратиб турадиган «понт"ларни бу ерда деярли кўрмайсиз. Бу ерда бир-бирига асосан инсоний ҳислатларига ва шахсий ютуқларига қараб баҳо беришади, қанақа оиладан келиб чиққани, устидаги кийими ёки тагидаги машинасини қийматига эмас, қанча даромад топиши ёки кимлар билан ўтириб-туришига қараб ҳам эмас.

Германия билан Венгрия ўртасидаги фарққа келадиган бўлсак: Венгрия собиқ совет тузуми таъсири остида бўлан давлат ва бу тарихий факт баъзи бир жабҳаларда ўз изини қолдирган. Қолаверса, немислар венгерларга нисбатан дўстонароқ. Ва албатта, Германия иқтисодий ҳамда ҳаёт сифати борасида Венгрияга нисбатан анча ривожланган.

Фото: Дилшод Давроновнинг шахсий архивидан

— Хорижга келганингиздан сўнг нарсаларингизни йиғиштириб, эртага Ўзбекистонга қайтаман дейдиган ҳолатлар бўлганми?

— Унақаси бўлмаган ҳали.

— Хорижга кетишингизга оилангиздагилар қандай қарашди? Ҳар қалай сиз магистратурани ташлаб кетгансиз. Ўша вақтда ишли инсон ҳам бўлгансиз…

— Ота-онам барча ота-она каби ўз боласидан хавотир олиб, доим бунақа қарорларга бироз консерватив ёндашувда қарашади.

Ҳаттоки Дипломатияга топширишимга ҳам бошида бироз қарши бўлиб, «Болам, унақа жойга кириш жуда қийин, Молияга топширсанг бўлмайдими?» дейишган. Уларга Молияга топшираман деб, Тошкентга келиб тўғри Дипломатияга бориб ҳужжат топширганман. Ҳақиқатни эса улар имтиҳондан 1−2 кун олдин билишган. Аллоҳга беҳисоб шукур, бюджет асосида ўқишга кириб, уларни юзларини ёруғ қилиш насиб этган ўшанда.

Чет элга кетиш қароримни ҳам уйдагилар бошида унча маъқулламай, бироқ вазиятни ва келажакдаги режаларим тушунтирганимдан сўнг қўллаб-қувватлашган. Ҳозирда эса тезроқ кайтишимни хоҳлашади.

— Келажакдаги режаларингиз қандай? Ўзбекистонга қайтасизми?

— Ўзбекистонга яқин йилларда қайтиш режам йўқ. Бироқ эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Балки тақдир тақозоси билан қайтишимга тўғри келиб қолиши ҳам мумкин.

— Ҳозирги кунда ҳам сиз каби, яъни нуфузли олийгоҳларда ўқиб туриб, чет элга кетишни хоҳлайдиган, бироқ атрофдагилари таъсири билан бу қарорни қабул қила олмайдиган ёшларга нима деган бўлардингиз?

— Авваламбор, инсон олий мақсадини аниқлаб олиши зарур. Қолаверса, таваккал килишдан кўрқмаслик керак. Агар инсон доимо ҳаракатда бўлиб, ўз устида ишлашда давом этса, қаерда бўлишидан қатъий назар муваффақиятларга эриша олади, деб ишонаман.

— Aйни вақтда Ўзбекистондаги тенгдошларингиз, кичик ёшдагилар ва умуман хорижга ўқишга кетмоқчи бўлган ёшларга қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз?

— Авваламбор, чет элга чиқсам ҳаммаси яхши бўлиб кетади, мўмайгина даромад топаман деган фикрдан халос бўлиш керак. Ўзбекистонда қолиб хам юқори илмга эришган, жуда яхши даромад топадиган ва муваффақиятлари бўйича дунёнинг етакчи университетлари битирувчиларидан қолишмайдиганлар жуда кўп. Масалан, биз билан деярли бир вақтда Дипломатияда ўқиган ва ҳозирда ўша ерда таълим бераётган яхши дўстимиз Муҳаммадали Эшонқуловни намуна қилиб ўтмоқчиман.

Ёки чет элнинг нуфузли университетларида ўқиб, ўз ўрнини топа олмай Ўзбекистонга қайтишга мажбур бўлганлар хам талайгина. Шунинг учун юқорида айтиб ўтганимдек, ниятни тўғри қилиш керак, олий мақсадни аниқлаб олиш керак ва ўз устида (нафақат hard skills, балки soft skills борасида ҳам) ишлашдан тўхтамаслик керак.

Умуман олганда эса, чет элда таълим олган маъқул деб хисоблайман. Айниқса, агар мақсад шунчаки диплом олиш эмас, балки илм олиш бўлса, унда магистратура ва докторантура босқичларини, албатта, чет элда ўқиш зарур. Ўзбекистонда магистратура ва докторантура қилиш бу умрни ва молиявий ресурсларни бекорга завол қилиш билан деярли баробар, деб биланам. Бу менинг шахсий фикрим.

Фото: Дилшод Давроновнинг шахсий архивидан

— Сизнинг соҳангизда ютуққа эришмоқчи бўлган Ўзбекистондаги ёшларга қандай маслаҳатлар берасиз?

— Ўзбекистонда молия соҳасида ишлаб кўрмаганман. Шунинг учунг аниқ бир маслаҳат беришга ожизлик киламан. Бироқ, юқорида таъкидлаб ўтилганидек қанақа соҳа бўлишидан қатъий назар, ютуққа эришиш учун инсон ўша соҳадаги энг зўр мутахассислардан бўлишга интилиши, ўз устида тўхтамасдан ишлаши, сабрли бўлиши зарур.

Ишни, йўналишни танлашда унинг моддий томонлари ҳамда «престижи» учинчи ёки тўртинчи даражали мезон бўлиши керак. Биринчи мезон эса инсонни ўзининг қизиқиши ва қобилияти.

Қисқа савол-жавоблар:

— Нимадан афсусланасиз?

— Етарлича камчилик ва хатоларга йул қўйганмиз, лекин ҳеч нарсадан афсусланмайман. Ҳаммаси яхшиликка бўлган, деб ўйлайман.

— Хорижда нима сизни тушкунликка тушириб қўйган эди?

— Ҳеч нарса ўта тушкунликка туширмаган. Бироқ баъзида хоҳлаган вақтимда ота-онамни кўролмаслигим, бағримга босолмаслигим, бобом-бувимларни зиёрат қилиб, дуоларини ололмаслигим озгина кўнглимни хижил қилади.

— Aгар 10 йил ортга қайтиш мумкин бўлганда қайси хатойингизни такрорламас эдингиз?

— Венгрияда магистратурада ўқишни бошлаганимда, Ўзбекистондаги таълим сифатининг нақадар қолоқлигини англаб етиб, бакалаврни ҳам чет элда ўқисам бўлар экан деган фикрлар келган вақт бўлган. Бироқ Дипломатияда ўқиганимдан ҳеч ҳам афсусланмайман. Чунки у ерда жуда яхши инсонлар билан танишиб, баъзилари билан дўстлашиш бахтига муяссар бўлганман, ҳам мутахассис сифатида, ҳам шунчаки инсон сифатида ажойиб устозлардан таълим олиб, улар каби бўлиш учун қанча мотивациялар олганмиз.

Дипломатия карьерамда ас қотадиган халқаро даражадаги билимни беролмаган бўлса-да, инсон сифатида шаклланишимда жуда муҳим рўл ўйнаган. Худо хоҳласа, келажакда етук мутахассис бўлиб етишганимда бир кун келиб шу таълим даргоҳида дарс бериб, ўз билим ва тажрибамни ёшлар билан бўлишиш насиб қилади деган ниятим бор.

— 5 йилдан сўнг Дилшод Давронов ўзини қаерда ва қандай ҳолатда кўради?

— Ҳойнаҳой, бошқа давлатда бўлсам керак. Айнан investment banking соҳасида бўлмаса ҳам, бироқ молия секторидаги бошқа бир соҳада (масалан, consulting ёки private equity funds) фаолият бошлашим эҳтимоли ҳам бор.

— Aгар тилла балиқ тутиб олсангиз ундан Ўзбекистон учун нима сўраган бўлар эдингиз?

— Шу саволга жавоб бермай (кулади).

Оғабек Самисов суҳбатлашди