Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Ургут туманида болалар устига пул сочаётган кишининг видеоси тарқалди. Самарқанд вилоят ИИБ вазиятни ўрганди.

Бошқарма маълумотларига кўра, «Вағашти» маҳалласида яшовчи Н.Ж. (1991) Рамазон ҳайити муносабати билан қариндош ва қўшниларини меҳмондорчиликка чақириб, уларнинг фарзандларини хурсанд қилиш мақсадида устиларига пул сочган.

Ургут туман ИИО ФМБ Н.Ж. билан олиб борилган суҳбат давомида у қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу ҳаракати ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетишини кутмаган.

Бундан ташқари, «Газета.uz»нинг вилоят ИИБ матбуот хизматидан аниқлик киритишича, Н. Ж.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси 1-қисми (Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш) бўйича баённома расмийлаштирилган.