«Мингўрик» археология ёдгорлигининг муҳофаза ҳудудида Маданий мерос департаменти ва унинг ҳудудий бошқармасидан рухсат олмасдан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг «Маънавият ва маърифат маркази» қурилиш ишлари бошлаб юборилган.Бу ҳақда Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси маълум қилди.

Аввалроқ Anhor.uz ёдгорлик яқинида бошланган қурилиш ишлари маданий мерос объектларининг давлат реестрига киритилган қадимий манзилгоҳни босқичма-босқич емирилишини тезлаштириши мумкинлиги ҳақида ёзган эди. Ёриқлар ундан аввал кўриниб турган.

Тошкент шаҳар Маданий мерос бошқармаси томонидан 4 майдаги 240-сонли хат билан Тошкент шаҳар прокуратурасига ҳолат юзасидан чора кўрилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилинган.

6-май куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан Тошкент шаҳар Маданий мерос бошқармасига тақдим этилган қурилиш билан боғлиқ лойиҳа ҳужжатлари Маданий мерос департаменти ҳузуридаги Илмий эксперт кенгаши томонидан рад қилинган ва навбатдаги илмий кенгашига тақдим этиш таклифи билдирилган.

«Ушбу масала Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси доимий назоратида», — дейилади баёнотда.