Футбол бўйича Европа Чемпионлар лигаси ўйинларининг ярим финал учрашувлари ўтказилди. Икки ўйиндан иборат мазкур босқичда финалчилар номи маълум бўлди.

27 апрелдан 28 апрелга ўтар кечаси ярим финалнинг дастлабки жуфтлиги «Реал Мадрид» — «Челси» учрашувида 1:1 ҳисобидаги дуранг қайд этилди. «Челси» сафидан Кристиан Пулишич гол уриб, ҳисобни очган бўлса, мадридликлардан Карим Бензема тўп киритиб, мувозанатни тиклади.

Мазкур жамоалар ўртасида жавоб учрашуви 5 майдан 6 майга ўтар кечаси бўлиб ўтди. Aнглияда бўлиб ўтган ўйинда мезбонлар 2:0 ҳисобида ғалабага эришиб, финалга йўл олди. Учрашувдаги голларга лондонликлар сафидан Тимо Вернер ҳамда Мэйсон Маунт муаллифлик қилди.

Ярим финалнинг иккинчи ўйини — «ПСЖ» — «Манчестер Сити» ўртасида бўлиб ўтди. Францияда бўлган дастлабки ўйинда англияликлар 1:2 ҳисобида зафар қучишди. Ушбу баҳсда голларга «ПСЖ» сафидан Маркиньос, «Ман Сити» сафидан Кевин де Брюйне ҳамда Рияд Маҳрезлар муаллифлик қилишди.

4 майдан 5 майга ўтар кечаси Aнглияда ўтказилган жавоб ўйинида эса мезбонлар рақибларига имконият қолдиришмади ва 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Ҳар икки голни ҳам манчестерликларнинг Жазоирлик футболчиси Рияд Маҳрез уриб, жамоасининг ғалабасини таъминлади.

Шу тариқа ЕЧЛ финалига «Манчестер Сити» ҳамда «Челси» жамоалари йўл олишди. Финал баҳси эса 29 май куни Истанбул шаҳрида бўлиб ўтади. Ўйин Тошкент вақти билан 00:00 да бошланади.

Мусобақа тарихида фақат Англия клублари ўртасидаги финал ўйинлари бундан олдин 2008 йилда («Манчестер Юнайтед» — «Челси», «МЮ» ғалаба қозонган) ва 2019 йилда («Тоттенхэм» — «Ливерпуль», «Ливерпуль» кубокни қўлга киритган) бўлиб ўтган.

«Челси» учун бу Чемпионлар лигасидаги учинчи финал ўйини, лондонликлар 2012 йилдаги финалда ғалаба қозонган. «Манчестер Сити» клуби учун эса бу ўз тарихидаги биринчи Чемпионлар лигаси финал ўйини бўлади.