Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев пайшанба куни Ашхободга амалий ташрифи доирасида Туркманистон президентининг отаси Маликгули Бердимуҳамедов хотирасига бағишлаб ўтказилган ифторликда иштирок этди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Ашхободдаги ифторликда шунингдек, икки мамлакат муфтийлари, уламо ва ёшуллилар иштирок этди. Давлат раҳбари Маликгули отанинг вафоти муносабати билан ўзбек халқи номидан чуқур таъзия билдирди. Марҳумнинг ибратли ҳаёти, самарали фаолияти, савобли ишлари ёдга олинди.


Маликгули Бердимуҳамедов 18 апрель куни 89 ёшида вафот этди. У мактабни тамомлагач, кутубхоначи сифатида ишлай бошлаган. Кейинроқ эса ўзи таълим олган мактабда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб фаолият юритган. Ўзбекистоннинг Чирчиқ шаҳридаги кичик офицерлар ўқув мактабини тугатгач, 1954 йилда кичик лейтенант унвони билан Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги тоғолди ҳарбий қисмида хизмат қилган.

Шу куниёқ Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳамроҳлигида «Туркманбоши руҳи» мажмуасига ташриф буюрди.

Туркманистоннинг биринчи президенти Сапармурат Ниёзов мақбараси зиёрат этилиб, ўтганлар ҳақига Қуръон суралари тиловат қилинди.


Шу билан президент Шавкат Мирзиёевнинг амалий ташрифи якунланди. Давлат раҳбарини Ашхобод халқаро аэропортида Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов кузатиб қўйди.

Аввалроқ, Ашхободда Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари учрашгани, унда Халқаро транспорт ва транзит йўлагини яратиш тўғрисидаги Ашхобод битимини бундан буён ҳам биргаликда илгари суриш таъкидлангани ҳақида ёзган эдик.