28 апрель кечаси Европа Чемпионлар лигасининг ярим финал учрашувларидан иккинчи жуфтликнинг дастлабки ўйини ўтказилади. Ўйин олдидан жамоалар тайёргарлиги, уларнинг ярим финалга қандай етиб келганлиги ва ўйинчилар ҳолати ҳақида превьюни тақдим этамиз.

Фото: twitter.com/ChampionsLeague

«ПСЖ» — «Манчестер Сити» (Тошкент вақти билан соат 00:00 да)

Жамоаларнинг ҳозирги ҳолати: «ПСЖ» жамоаси Франция чемпионатида 34-турдан сўнг 72 очко билан 2-ўринда бормоқда. 3-ўриндаги «Монако»дан 1 очко олдинда бўлса, 1-ўриндаги «Лилль»дан 1 очко ортда бормоқда. Жамоа 34-турни меҳмонда «Мец»га қарши ўтказди ҳамда 1:3 ҳисобида ғалаба қозонди.

«Манчестер Сити» АПЛда 33-турдан кейин 77 очко тўплаган ҳолда якка пешқадам. Клуб 2-поғонада бораётган Манчестернинг бошқа бир клуби «Манчестер Юнайтед»дан 10 очко олдинда бормоқда. «Шаҳарликлар» 33-турни меҳмонда «Астон Вилла»га қарши ўтказди ва унда 1:2 ҳисобида ғалабага эришди.

Ярим финалга қандай етиб келишди?

«ПСЖ» жамоаси гуруҳ босқчида H гуруҳда иштирок этиб, 12 очко билан гуруҳ пешқадами сифатида нимчорак финалга йўл олди. Парижликлар нимчорак финалда Каталониянинг «Барселона» жамоасига рақиб бўлишди. Испанияда ўтган дастлабки баҳсда парижликлар 1:4 ҳисобида устун келишди. Жавоб ўйинида эса 1:1 ҳисоби қайд этилди. Жамоа чорак финалда «Бавария»га дуч келди. Мюнхенда бўлган илк ўйинда парижликлар 2:3 ҳисобида ғалаба қозонишди. Жавоб ўйинида 0:1 ҳисобида мағлубиятга учраган бўлсада, меҳмонда урилган голлар эвазига «ПСЖ» ярим финалга йўл олди.

«Манчестер Сити» C гуруҳида 5 ғалаба ва 1 дуранг қайд этиб, 16 очко билан 1-ўринни эгаллаб нимчорак финалга йўл олди. Бу босқичда эса уларга «Боруссия Мёнхенгладбах» дуч келди. Ҳар икки ўйинда ҳам 2:0 ҳисобида ғалабага эришган манчестерликлар чорак финал босқичига чиқди. Ушбу босқичда эса «шаҳарликлар»га Дортмунднинг «Боруссия"си дуч келди. «Манчестер Сити» ҳар икки ўйинда ҳам бир хил 2:1 ҳисобида ғалабага эришиб, ярим финалга йўл олди.

Ўзаро ўйинлар: Умумий ўтказилган 3 ўйиннинг биттасида «Манчестер Сити» ғалаба қозонган бўлса, 2 тасида дуранг натижа қайд этилган.

Жамоаларнинг жароҳатланган футболчилари:

Хуан Бернат, Абду Диалло, Александр Летьеле, Рафинья («ПСЖ»). Серхио Агуэро, Кевин де Брюне («Манчестер Сити»).

Жамоаларнинг айни вақтдаги яхши формадаги футболчилари:

«ПСЖ»нинг ЕЧЛда энг самарали ўйин кўрсатаётган футболчиларидан бири Киллиан Мбаппе бўлиб, у 2020−21 йилги мавсумда 9 ўйинда майдонга тушиб, 810 дақиқа ҳаракат қилган. 8 марта рақиблар дарвозасини ишғол қилиб, 3 бор голли узатма муаллифи бўлган.

Манчестерликлар сафида Фил Фоден ЕЧЛнинг ушбу мавсумида 10 ўйинда майдонга тушиб, жами 801 дақиқани майдонда ўтказган. Рақиблар дарвозасига 3 марта гол уриб, 2 марта асистентлик қилган.

Жамоалар ўртасидаги жавоб учрашуви 4 майдан 5 майга ўтар кечаси бўлиб ўтади.

Маълумот учун, ЕЧЛ ярим финалидан ўрин олган яна бир учрашув 27 апрель оқшомида ўтказилди. Унда «Реал Мадрид» жамоаси «Челси»ни ўз майдонида қабул қилиб, 1:1 ҳисобидаги дурангга имзо чекди. 11-дақиқада Пулишич ўйинда ҳисобни очиб, «Челси»ни олдинга олиб чиққан бўлса, Карим Бензема 29-дақиқада гол уриб, мувозанатни тиклади.