АГМК жамоаси ОЧЛ гуруҳ босқичида 5-тур учрашувни «Ал Ҳилол» клубига қарши ўтказди. Ўйиннинг 39-дақиқасида Луциано Ветто томонидан берилган зарба голга айланди. Тўп рикошет ҳосил қилган ҳолда АГМК дарвозаси тўрига бориб тушди.

Иккинчи бўлимда эса АГМК жамоаси тезкор гол ўтказиб юборди. Биринчи голга ҳаммуаллифлик қилган Муҳаммад Канно томонидан оширилган навбатдаги тўпни Гомис боши билан голга айлантирди. Учинчи голда эса Ветто тўп билан таъминлаган Шаҳрони дарвозани аниқ нишонга олиб, ўйин тақдирини ҳал этди.

Ўйиндан сўнг АГМК жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов ўз фикрларини билдирди:

«Ўйинга ўтишдан аввал мусобақадаги икки хил таассуротим ҳақида гапирмоқчиман. Ҳали мусобақа тугамади ва бизни охирги турдаги баҳс кутмоқда. Лекин бугунги мағлубиятдан кейин гуруҳдан чиқиш имкониятлари қолмади. Фурсатдан фойдаланиб ташкилотчиларга гуруҳ босқичини яхши даражада ўтказишаётгани учун миннатдорчилик билдираман. Хурсанд қиладиган тарафи, нуфузли мусобақада қатнашдик. Бу жамоа учун катта мактаб. Шунингдек, мусобақа давомида доим бизни қўллаб-қувватлаган барча ўзбекистонлик футбол мухлисларига катта раҳмат айтаман. Иккинчи тарафи, яъни ёқмаган жиҳат бу ўзимизнинг хатолар туфайли кўплаб голларни ўтказиб юборганимиз бўлди. Ҳаёт давом этади. Бу футбол, унда кимдир ютади ва кимдир ютқазади.

Ўйинга келадиган бўлсак, «Ал Ҳилол» кучли ижрочиларга эга жамоа. Бугун улар ҳақли ғалаба қозонишди. Биринчи бўлимда 40-дақиқагача яхши ҳаракатландик. Лекин рикошет орқали урилган гол ва иккинчи таймдаги тезкор гол жамоага руҳан таъсир қилди", — дейди у.

Шу тариқа АГМК гуруҳдаги 5-ўйинда учинчи мағлубиятини қабул қилди ва 4 очко билан 4-ўринни эгаллаб турибди. Мазкур мағлубиятдан кейин олмалиқликларнинг гуруҳдан чиқиш имкониятлари йўққа чиқди. Якуний 6-турни АГМК 30 апрель куни гуруҳ пешқадами Тожикистоннинг «Истиқлол» клубига қарши ўтказади.