Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида ўқув йили охиригача масофавий таълимда давом эттирилади. Бу ҳақда университет матбуот хизмати хабар берди.

Унга кўра, дарслар онлайн шаклда давом этади ва ҳозирда ётоқхонада турадиган талабаларга 24 апрелдан уйга кетишга рухсат берилади.

«Демак, ҳозирги вазиятдан келиб чиққан ҳолда бакалавриат, сиртқи таълим шаклида таҳсил оладиган барча талабалар, қолаверса, магистратурада таҳсил олаётган 1-курс талабалари (2-курс, магистратурани тамомлаётган талабалардан ташқари) ўқишни онлайн давом эттиришга келишилди. Ҳозирда аниқланган 'африканча' штамм оддий Covid-19`дан кўра анча хавфли ҳисобланади. Шуни инобатга олган ҳолда сизнинг саломатлигингиз биз учун ҳамма нарсадан устун ва муҳимроқ.

Ўқув жараёни ўқув бўлими томонидан назорат қилиб борилади", — дейилади хабарда.

Aввалроқ, ЎзЖОКУ 12 апрелдан бошлаб 2 ҳафтага карантинга ёпилганди. Университетнинг 7 нафар талабасида коронавирус аниқланиб, ушбу талабалар Зангиотадаги шифохонага олиб кетилган эди.