18 апрелдан 19 апрелга ўтар кечаси Осиё Чемпионлар лигаси доирасида АГМК жамоаси ўзининг навбатдаги учрашувини ўтказди. «A» гуруҳидан жой олган АГМК 2-тур учрашувини Тожикистоннинг «Истиқлол» клубига қарши ўтказди. Голларга бой бўлган баҳсда 2:3 ҳисоби қайд этилди ва унда олмалиқликлар мағлуб бўлишди.

Биринчи бўлим якунида рақибнинг жарима зарбасидан узатган тўпи Жокичга тегиб автогол сифатида дарвозадан жой олди. Иккинчи бўлимда эса чуқур ҳимояга ўтирган «Истиқлол» жамоаси қарши ҳужумлардан унумли фойдаланди. Дастлаб Манучехр Жалилов чап қанотдан уюштирилган ҳужумни голга айлантирган бўлса, орадан қисқа вақт ўтиб Зафар Полвонов бурчак зарбасидан кейин орадаги фарқни йўққа чиқарди.

Ўйин тугашига 10 дақиқа қолганида қарши ҳужумга ўтган тожикистонликлар Раҳимовнинг аниқ зарбаси орқали ҳисобни яна оширишга муваффақ бўлди. Учрашувнинг охирги дақиқасида Зафар Полвонов Миржамол Қосимовнинг узатмасини голга айлантириб, орадаги фарқни қисқартирди. Бироқ вазиятни буткул ўнглаш учун ҳакам томонидан қўшиб берилган 3 дақиқа камлик қилди.

Учрашувдан сўнг АГМК жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Иккита ҳар хил бўлимга гувоҳ бўлдик. Биринчи таймда жуда бўш ўйнадик. Футболчиларга ютуқ осон келадигандек туюлди. Бундай муносабат эса биринчи бўлимда жазосиз қолмади албатта. Тайм сўнггида стандарт вазиятидан гол ўтказиб юбордик.

Иккинчи бўлимда яхши ҳаракат қилдик. Қолаверса гол ҳам урдик. Лекин ўзимизнинг хатоларимиз эвазига ғалабани рақибга топшириб қўйдик. Ўйинга рақибни менсимагандек чиққандек бўлдик. Балки мен жамоани ушбу баҳсга яхши тайёрлай олмадим. Қолаверса омад биз томонда бўлмади. Ҳисоб 2:0 кўринишига келганида гол урдик ва иккинчи голни ҳам ургандик. Ҳали олдимизда 4 ўйин турибди. Ишлаймиз ва вазиятни ўнглашга ҳаракат қиламиз", — дейди Қосимов.

Навбатдаги баҳсни АГМК жамоаси 21 апрель куни ўтказади. Ўша куни АГМК жамоаси «Шабаб Ал Аҳли» билан куч синашади.