16 апрель куни Тошкент метрополитени раҳбарияти иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Сергели метро йўналишида юз берган техник муаммога изоҳ берилди, дея хабар беради Kun.uz.

8 апрель куни Тошкент метросининг Сергели йўналишида техник муаммо туфайли метро ҳаракати тўхтаб қолган эди. Бунга контакт релсининг кронштейни ушлаб туриш қурилмаларадан чиқиб кетгани сабаб бўлгани айтилган эди.

«Тошкент метрополитени» УК раҳбари Ойбек Худойқулов ушбу ҳодиса кутилганини айтди.

«Биз билувдик шунақа ҳолат бўлишини, шунга тайёргарлик қилдик. Фақат бир ойдан кейин бошланади деб ўйлагандик. Чунки ҳаво ҳали 19−20 градус бўлаётган эди. Ташқарида 30−35 бўлса, ўшанда қиламиз деган фикр бор эди. Биз биламиз рельсларнинг узайишини. Темир йўлда ҳам бор бу нарса. Рельсларнинг калтайиши ва узайиши ҳисобга олинган, фақат ҳаво ҳарорати 20 градус бўлганлиги учун сал кейинроқ бошлаймиз дегандик, ўша нарса бўлиб қолди», — дея таъкидлади метрополитен раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, метрода техник носозликларнинг олдини олиш мақсадида экспертиза гуруҳи иш олиб боради.

«Барча йўналишларимизда ишчи гуруҳ фаолият олиб борган, шахсан ўзим ҳам аъзоман гуруҳга. Аввало, йўловчи сифатида юриб кўрамиз, кейинчалик йўловчиларга бирор тўсқинлик қиладиган ҳолат бўлмаслиги учун. Биз ҳам шу ерда ишлаймиз, фойдаланамиз, тизимдаги 4 мингдан ортиқ ходим шу метрода бўламиз. Экспертизадан ўтгандан кейин ҳам ўзимиз қараб, текшириб чиқамиз. Бу масалада йўловчиларга бирорта хавф йўқ», — дейди Ойбек Худойқулов.

Матбуот анжуманида метро фаолияти бўйича ҳам маълумот берилди.

Унга кўра, 2021 йилнинг дастлабки 3 ойида йўловчилардан тушган маблағ 31,5 млрд сўмни ташкил этган. Метрода ҳафтанинг душанба-жума кунларида бир кунда 330 минггача йўловчи ташилади. Дам олиш кунлари йўловчилар нисбатан камаяди: 140−150 мингга тушади. Бир ойда йўловчилардан тушган маблағ 10,5 млрд сўм бўлади ва шундан 8,5 млрд сўм тизимда фаолият юритаётган 4200 нафар ходимга ойлик сифатида берилади. 3 млрддан ортиқроқ маблағ электр энергиясига сарфланади.

«Жамоат транспорти ўзини ўзи қопламаслиги сир эмас, шунинг учун ҳар йил якунида кейинги йил харажатлари учун сарфланиши кўзда тутилган маблағни тахминан ҳисоблаб, Молия вазирлигига маълум қиламиз. Жумладан, 2021 йил харажатлари учун бизга 45 млрд сўм маблағ давлат томонидан ажратилган. Тан олишимиз керак, топаётган пулимиз ўзимизнинг харажатларимизга етмайди. Бунинг олдини олиш мақсадида йўлкира нархларини кўтариш ҳақида ҳам таклиф киритганмиз. Лекин давлат раҳбари бунга йўл қўймасдан қолгани давлат томонидан субсидия қилиб берилиши ҳақида топшириқ берган», — деди Ойбек Худойқулов.