Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг 2021 йилги закот нисоби, фитр садақа ва фидя миқдори бўйича қарори қабул қилинди.

Фитр садақаси қуйидаги тўрт нарсанинг қиймати баробарида чиқарилади. Улар: буғдойдан ярим соъ (2 кг.), арпадан бир соъ (4 кг.), майиздан ярим соъ (2 кг.) ва хурмодан бир соъ (4 кг.)дир.

Бугунги кунда мазкур маҳсулотларнинг Тошкент шаҳар бозорларидаги нархлари ўрганилганда 1 кг буғдой ўртача 5 минг сўм, 1 кг арпа ўртача 3,5 минг сўм, 1 кг майиз ўртача 40 минг сўм ва 1 кг хурмо ўртача 35 минг сўм экани маълум бўлди.

Шунга кўра, 2021 йил учун фитр садақасининг миқдори:

  • 2 килограмм буғдой 10 000 (ўн минг) сўм;
  • 4 килограмм арпа 14 000 (ўн тўрт минг) сўм;
  • 2 килограмм майиз 80 000 (саксон минг) сўм;
  • 4 килограмм хурмо 140 000 (бир юз қирқ минг) сўм деб белгиланди.

Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя қилади.

Бу йилги фидя миқдори эса бир мискиннинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб, унинг ўртача қиймати 25 минг сўм, деб белгиланди. Бу йилги фидя миқдори бир кун учун 25 000 (йигирма беш минг) сўм, бир ойга 750 000 (етти юз эллик минг) сўм деб белгиланди.

Фитр садақаси қийматлари Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга асосан белгиланган бўлиб, ҳар бир вилоят ўз бозорларидаги нархга қараб фитр садақасини белгилайди.

Ислом шариатига кўра, фитр садақаси моли закот нисобига етган мусулмон киши томонидан мискинларга берилиши вожиб бўлган садақа бўлиб, уни Рамазон ойи давомида бериш мақсадга мувофиқ саналади.

Закотнинг тиллодан нисоби 85 грамм бўлиб, бугунги кунда 1 грамм тиллонинг ўртача нархи 320 000 (уч юз йигирма минг) сўм экани эътиборидан, бу йилги Закот нисоби 27 200 000 (йигирма етти миллион икки юз минг) сўм деб белгиланди.

Шунга кўра, зарур эҳтиёждан ташқари бир йил давомида 27 200 000 (йигирма етти миллион икки юз минг) сўм ва ундан ортиқ маблағга эга бўлган мусулмон киши жами маблағининг қирқдан бири (1/40)ни ҳисоблаб, уни закот ниятида камбағал ва фақирларга беради.