Мисрда уч минг йиллик шаҳар топилди

Захи Хавасс бошчилигидаги Миср археологлари бундан 3000 йил олдин қум остида йўқолган Луксор яқинида Мисрнинг қадимий шаҳарини топишди. Бу шаҳар Мисрнинг энг буюк ҳукмдорларидан бири, милоддан аввалги 1391 йилдан 1353 йилгача Мисрни бошқарган 18-сулоланинг тўққизинчи қироли Aменхотеп III томонидан асос солинган. «Кўплаб хорижийликлар ушбу шаҳарни қидиришди, аммо тополмадилар», деди Хавасс. «Уларнинг баъзи деворлари 3 метр баландликда. Aйтиш мумкинки, шаҳар ғарбий томонга, машҳур Дайр Аль-Мадинагача чўзилган», дея қўшича қилди у. Қазув ишлари 2020 йил сентябрь ойида бошланди. Натижада, археологлар деярли бутун деворлари ва хоналари кундалик нарсалар билан тўлдирилган катта шаҳарни топишди. У «Йўқолган олтин шаҳар» деб номланди. — Ahram Online.


Япония Фукусимадан тозаланган радиоактив сувни океанга оқизади

Япония ҳукумати Фукусима АЭСдан тозаланган радиоактив сувни океанга оқизишга қарор қилди. Ҳукумат комиссияси буни ўтган йили амалга оширишни тавсия қилган, аммо бу қарор, хусусан, балиқ овловчилар орасида кенг норозиликларни келтириб чиқарган эди. Уларнинг фикрича, истеъмолчилар ушбу ҳудудда тутилган денгиз махсулотларидан воз кечишига олиб келади. NHK телеканалининг хабар беришича, Фукусимадан чиқадиган сув чиқиндилари ҳозирда ихтисослашган сув омборларида сақланмоқда, улар тозаланган, аммо таркибида радиоактив тритий бор. «Манбаларда айтилишича, ҳукумат ушбу элемент даражасини халқаро стандартларга мувофиқ пасайтирмоқчи. Ва шундан сўнг, яъни икки йилдан кейин сувлар океанга оқизилади», — дейилади телеканал баёнотида.

2011 йил март ойида Япониянинг шимолий-шарқий қирғоғидаги зилзила цунамини келтириб чиқарган эди. Фукусима-1 АЭСга улкан тўлқин урилиши натижасида 1986 йилда Чернобиль AЭСидаги авариядан буён шу каби энг катта авария содир бўлди. Миллий полиция агентлигининг маълумотларига кўра, 2011 йилда содир бўлган табиий офат 15,9 минг кишининг ўлимига сабаб бўлган, 2,5 минг киши ҳанузгача бедарак йўқолган. — Kyodo.


Норвегия бош вазири карантин чекловларини бузганлиги учун 2352 доллар миқдорида жаримага тортилди

Норвегияда мамлакат бош вазири Эрна Сульберг февраль ойида карантин чекловларини бузганлиги учун 20000 крона (2352 доллар, 2000 еврога яқин) миқдорида жаримага тортилди. Аввалроқ, маҳаллий ОАВ бош вазир февраль ойининг охирида ўзининг 60 ёши муносабати билан тоғдаги курортда оилавий таътил уюштирганини ва 13 нафар қариндошини таклиф қилганини аниқладилар. Унинг ўзи байрамда бўлмаган. Эртаси куни бош вазир билан бирга 14 киши ижарага олинган квартирада тўпландилар. Ушбу давр мобайнида мамлакатда гуруҳ бўлиб тўпланишга тақиқ қўйилган эди. Йиғилишларда кўпи билан 10 кишига рухсат берилган. Қоидабузарлик тўғрисидаги маълумотлар тарқалганидан сўнг, Сульберг кечирим сўради. Шундан кейин унга қарши тергов бошланди. Полиция одатда бундай қонунбузарликлар учун жарима солмаса ҳам, бош вазир учун истисно қилинган, дейди полиция вакили Уле Сэверуд. — Bloomberg.


Шимолий Кореяда шикоятлар ва секин ишлаши сабабли амалдор шахс қатл этилди

Шимолий кореялик амалдор шикоятлар ва суст ишлаши туфайли қатл этилди. Пак исмли амалдор Шимолий Кореяда масофавий таълимни ташкил этиш бўйича махсус комиссия раиси этиб тайинланган эди. Бироқ зарур ресурслар ва ускуналар етишмаслиги сабабли, бу масала деярли юзага чиқмади. Пак бу ҳолатдан мамнун бўлмасдан, бу ҳақда доимий равишда комиссиянинг бошқа аъзоларига шикоят қилар эди. Улардан бирига кўра, Ким Ир Сен университети раиси Ри Гук Чхоль амалдорни қоралаган. Пак март ойида «таълим соҳасидаги партияга ва инқилобга қарши фаолият»да айбланиб қатл этилган. Комиссияда бўлган яна 20 нафар профессор энди «мафкуравий текширувдан» ўтмоқда. Тузилма қайта ташкил этилди: ҳозирда унда 180 аъзо ва учта кичик қўмита мавжуд. Янги комиссияни Ри Гук Чхоль бошқармоқда. — Daily NK.


Тбилисида сиёсий инқирозга қарши митинг бўлиб ўтмоқда

Минглаб намойишчилар 9 апрель куни Тбилисидаги Европа майдонига олти ой давом этаётган мамлакатнинг сиёсий инқирозига қарши норозилик ва барқарорликни тарғиб қилиш учун чиқишди. «Бу ҳеч ким ҳеч нарсани сўрамайдиган Грузия. Бу ҳамма нарсага узоқ вақтгача чидаб келаётган Грузия», — деди митинг ташкилотчиси, Грузиялик қўшиқчи Гия Гачечиладзе намойишчилар олдида. Намойишчилар ҳокимият ва мухолифатни ўзларининг партиявий манфаатларидан воз кечишга, парламентда ишлашни бошлашга ва одамларнинг муаммоларини ҳал қилишга чақирмоқдалар. Улар, шунингдек, вақт ўтиши билан сиёсатчилар аҳолининг ҳақиқий муаммоларидан узоқлашадилар ва шу билан бегоналашиш туйғусини яратадилар, деб таъкидлашди. Уларнинг сўзларига кўра, мамлакатда оппозиция ва ҳокимиятдан ташқари аҳолининг катта қисми ҳам бор, уларнинг эҳтиёжлари ҳеч кимни қизиқтирмайди. — ТАСС.


Вакциналар тақсимланишида «ҳайратланарли номутаносиблик» кузатилмоқда — ЖССТ

Дунё давлатлари орасида маълум бир давлатнинг даромад даражаси билан белгиланадиган COVID-19 коронавирусига қарши вакциналарнинг жуда нотекис тақсимоти мавжуд, деди ЖССТ бош котиби Тедрос Гебрейесус. «700 млндан ортиқ дозада COVID-19 вакциналари дунё миқёсида тарқатилган, аммо уларнинг 87 фоиздан ортиғи юқори ва ўрта даромадли мамлакатларга, атиги 0,2 фоизи кам даромадли мамлакатларга юборилган». «Ўртача юқори даромадли мамлакатларда деярли ҳар тўртинчи киши COVID-19 вакцинасини олган. Кам даромадли мамлакатларда бу 500 дан ортиқ кишидан бири», — дея қўшимча қилди у. ЖССТ раҳбарининг сўзларига кўра, ҳозирги вақтда дунёнинг 194 мамлакати коронавирусга қарши эмлашни бошлаган, 26 таси эса ҳали бошламади. Aммо, деди Гебрейесус, дунёдаги аксарият мамлакатлар ўз аҳолиси орасида хавф остидаги гуруҳларни етарли даражада эмлашмаган ва «вакциналарни тақсимлашда ҳайратланарли номутаносиблик сақланиб қолмоқда». Унинг таъкидлашича, сўнгги олти ҳафта мобайнида халқаро COVAX дастури орқали 38 млндан ортиқ дозада вакциналар 100 дан ортиқ мамлакатларга етказиб берилди. Бироқ, унинг таъкидлашича, режа 50 фоиздан кам бажарилган. — Интерфакс.