31 март куни Самарқанд шаҳрида «Ҳоким, вазир ва ёшлар учрашуви» бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Самарқанд шаҳри аҳолиси 2021 йил охирига қадар аҳолиси бир миллиондан ортиқ шаҳарга айланишини маълум қилди.

«Aслида, ҳозирнинг ўзида Самарқандда 1 миллион аҳоли яшайди. Шаҳарга яқин жойлашган бир неча туманлар қўшилиб кетган. Биз Самарқандни бир миллионли шаҳар қилиб, унинг таркибида бешта туман қилмоқчимиз», — дейди Турдимов.

У дунёда «миллионер шаҳар"ларнинг ўз статуси борлигини таъкидлаб ўтди.

«Ҳар қандай бизнесмен бирор туманга пул қўйишдан олдин аҳолиси қанчалигига қизиқади. Меҳнат ресурси бойми, йўқми, деб сўрайди. Одам кўп бўлса, бу ерга пул тикади. Нега тикади, чунки шаҳарда кўп одам бўлса, кўп ейди, кўп одам кириб-чиқади. Шунинг учун ҳам миллионли шаҳарнинг статуси ўзгача. Шунинг учун Самарқанд шаҳри миллионли шаҳар бўлади», — дейди Эркинжон Турдимов.

Ҳоким Қозоғистонни мисол қилиб келтириб, Ўзбекистондан аҳолиси икки баравар кам бўлса-да, 3 та «миллионли шаҳри» — Олмаота, Остона ва Чимкент борлигини, Ўзбекистонда эса фақат Тошкент эканлигини айтиб ўтган.