25 март, пайшанба куни Қирғизистон бош вазири Улукбек Марипов Тошкентга келди, деб хабар берди ЎзА. Пойтахт халқаро аэропортида уни Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Абдулла Арипов кутиб олди.

Улукбек Марипов 25−26 март кунлари бўлиб ўтадиган Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишида иштирок этади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, ташриф давомида олий мартабали меҳмон технопарк мажмуаси, IT-Park, Crafers ва Ardent Foods фабрикалари, Golden Moon ва Orient Ceramic заводлари, шунингдек Қирғизистоннинг Тошкентдаги элчихонасининг янги биносига ташриф буюради.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон президенти Садир Жапаров Тошкентга ташрифи давомида «Технопарк» корхонасида ҳам бўлиб, у ерда Ўзбекистон саноат корхоналари маҳсулотлари билан танишган эди.Бир неча кундан сўнг у ўз интервьюсида: «30 йилдан бери бир-биримиз билан сиёсатда, митингда юравериб, этик тозалайдиган шётка чиқара олмабмиз, фабрика-завод қура олмабмиз. Ўзбекистон биздан 40−50 йил олдинга ўтиб кетибди, десам адашмайман. Мана шундай шурупдан бошлаб самолётгача чиқарадиган даражагача етишибди», — деган эди.