Россия 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон билан ҳафтасига бир маротаба Москва-Тошкент йўналишида авиақатновларни қайта тиклайди. Бу ҳақда Россия Федерацияси коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича тезкор штабга таяниб, Риа Новости хабар бермоқда.

Россия бош вазири ўринбосари Татьяна Голикова Россия тезкор штабининг йиғилишини ўтказган.

«Бўлиб ўтган муҳокама натижасига кўра, мамлакатлардаги эпидемиологик вазиятни ҳисобга олиб ҳамда Бош вазир Михаил Мишустин билан келишган тарзда 2021 йилнинг 1 апрелидан Венесуела (Москва-Каракас ҳафтасига икки марта), Сурия (Москва-Дамашқ ҳафтасига бир марта), Тожикистон (Москва-Душанбе ҳафтасига бир марта), Ўзбекистон (Москва-Тошкент ҳафтасига бир марта) ва Шри-Ланка (Москва-Коломбо ҳафтасига бир марта) билан ўзаро халқаро рейсларни қайта тиклаш бўйича қарор қабул қилинди», — дейилади хабарда.

Ўзбекистон ва Россия ўртасида авиақатновлар 2020 йилнинг 16 март санасидан бери, карантин чекловлари сабаб тўхтатиб қўйилган эди.