Бухоро ҳамда Жиззах нефть маҳсулотларининг сақланиши, истеъмолчиларга етказиб берилиши, дебиторлик, кредитор қарздорликлар билан кўплаб ноўрин харажатлар, шунингдек, амалдаги қонунчиликка риоя қилинмаслик ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда «Ўзбекнефтегаз» матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қонунчиликка асосан, нефть маҳсулотлари тўлови олдиндан 100 фоиз ўтказилганда етказиб берилиши белгиланган. Амалда белгиланган меъёрий ҳужжатларга мунтазам амал қилмаслик оқибатида «Бухоро нефть базаси» МЧЖда 33,5 млрд сўм, «Жиззах нефть базаси» МЧЖда 35,4 млрд сўм дебитор қарздорлик юзага келган.

Шу билан бирга ёқилғи етказиб берилган Бухородаги 32 та, Жиззахдаги 239 та собиқ хўжаликлар фаолияти бугунги кунда тугатилган ва қарздорликларни ундириш масаласи яна бир қатор муаммоларни туғдириши табиий, дейилади «Ўзбекнефтгаз» баёнотида.

Ўрганишлар давомида Бухоро нефть базаси МЧЖга қарашли 67 та фермер ёқилғи қуйиш шохобчаларида 3,1 млн литр, Жиззах нефть базаси тасарруфидаги фермер ёқилғи қуйиш шохобчаларида ва ПАЗСларда 8 млн литр маҳсулот камомади аниқланди.

Бундан ташқари, ушбу нефть базаларида интизомий жазога тортилган ходимларга мукофот пули ва меҳнат шартномаси бекор қилинган шахсларга ойлик иш ҳақи тўланганлиги ҳам аниқланди.

Мисол тариқасида, «Жиззах нефть базаси» МЧЖ томонидан 788 нафар ходимга 806,9 млн сўмлик компенсация тўловлари ноўрин ҳисоблангани маълум бўлди. Бундан ташқари, жамоа шартномасига зид тарзда интизомий жазо қўлланган 23 нафар ходимга 7,9 млн сўм мукофот пули тўлаб берилган. Меҳнат шартномаси бекор қилинган 26 нафар собиқ ходимлар номига 33,8 млн сўм иш ҳақи ёзилган.

Ҳужжатлар тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга тақдим этилди, дейилади хабарда.