Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманидаги кластерга ташрифи чоғида блогер Азиза Қурбонова президентга ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган «Шоввозсой» дам олиш маскани масаласида савол билан мурожаат қилди.

«Бу «Ўзбекистон темир йўллари»нинг давлат корхонаси. Ҳеч ким у ерда туриб, яшаб ёки бировга ўтказиб қўйилгани йўқ. У давлатнинг жойи. Президентнинг нима алоқаси бор унга? Президент ҳам Ўзбекистонга фойдаси тегадиган мартабали меҳмон келса боради. Айтмайсизларми, «биз президент билан пиёда юрамиз, сизлар ҳам келиб бир марта пиёда юриб кўринглар», деб. Кейин президент беш йилда неча марта дам олибди экан, деган саволни нимага бермайсизлар?», — дея муносабат билдирди Шавкат Мирзиёев.

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда дам олиш маскани Ўзбекистон раҳбари учун қурилгани ҳақида таҳминлар пайдо бўлган эди. «Ўзбекистон темир йўллари» асоссиз ва нохолис экани айтган эди. «Бу ерда 2011 йилдан бошлаб, яъни 10 йил давомида босқичма-босқич қурилиш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилган. Барча инвестициялар темир йўл компаниясининг бюджетдан ташқари маблағлари, жумладан даромадлари ҳисобидан амалга оширилган», — дейилган эди хабарда.