Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков сўнгги кунларда коронавирус билан касалланганлар сони ортгани хақидаги кўрсаткичлар «вакцинацияга ундаш экани» ҳақидаги фикрларга муносабат билдирди.

«Эмлашга жалб қилиш учун атайин касаллик бўрттириб кўрсатиляпти, деган гапларда мантиқ йўқ. Касаллик болалар орасида кўпайяпти, биз эса 18 ёшдан юқориларни эмлашни режалаштиряпмиз», — деди у.

У карантин чекловлари қайта тикланишининг сабаблари ҳақида ҳам гапирган.

«Карантин чекловларига келсак, бундай бўлишига ўзимиз сабабчимиз. Чунки ниқоб тақиш, антисептик воситалардан фойдаланиш, масофа сақлаш қоидаларини унутиб қўйдик. Биз ҳаддан ортиқ хотиржамликка берилиб кетдик, мана шу ҳолат вазият жиддийлашувига сабаб бўляпти», — дея қўшимча қилди Отабеков.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев эса вакцинация пайтида ножўя таъсирлардан суғурталаш масаласига тўхталиб ўтди.


«Вакцинани эмлашдан кейин ножўя таъсири бўлиши мумкин ва бу таъсир аниқланган бўлса, фуқаро томонидан ССВга мурожаат берилади. ССВ ўз навбатида, ҳақиқатдан ҳам бу ножўя таъсир вакцинаданми ёки бошқа сабаблари бўлганми ўрганади. Шунга қараб тегишли ҳулоса қилинади», — деди у.

Агар ножўя таъсир бўлса, биринчи навбатда шошилинч ва тез тиббий ёрдамни соғлиқни сақлаш тизими кўрсатиши айтиб ўтилди.

«Ножўя бўлган таъсирларни йўқ қилиш мақсадида барча ёрдам кўрсатилади. Лекин бу ерда зарарни унидириш масалалари бўлиши мумкин. Бунда судга мурожаат қилиб суд орқали тегишли ишлар амалга оширилади. Иҳтиёрий суғуртамиз бор, уни қилса бўлади. Лекин мажбурий суғурта ҳозирча бизда йўқ», — дея маълум қилди Баҳодир Юсупалиев.

Аввалроқ, Нурмат Отабеков «Ўлимлар сонининг 622 та ёки 623 та бўлиши, бу — жиддий об-ҳаво яратмайди», дея таъкидлаган эди.