Шавкат Мирзиёев 12 февраль куни Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасига ташриф буюрди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Президент Бош бошқарманинг ахборот мультимедиа маркази фаолияти билан танишди.


«Ҳозир ҳамма телефонда, ижтимоий тармоқларда. Одамларни ички ишлар бўлимига чақирадиган ёки қоғоздаги мурожаатини кутиб ўтирадиган замон ўтиб бўлди. Энди туман ва шаҳар бошқармасини маҳалла билан боғлайдиган, одамлар билан онлайн мулоқот қиладиган дастурий маҳсулот яратиш керак. Бутун ички ишлар тизими ахборот технологиялари асосида ишлаши зарур», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент Тошкент шаҳар ИИББ тизимида фойдаланилаётган махсус техника ва воситаларни кўздан кечирди.

Ташриф чоғида Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг шон-шараф музейи очилди.


Маълум қилинишича, музейда тарихнинг турли даврларида жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасининг шаклланиши ва ривожланиши босқичлари акс эттирилган. Бошқарма шахсий таркибининг турли йиллардаги хизмат кийимлари, табель қуроллари, ускуна ва махсус воситаларидан намуналар кўргазмага қўйилган.

Музейнинг алоҳида бўлими ички ишлар органлари фахрийлари, хизмат бурчини адо этиш пайтида ҳалок бўлган ходимларга бағишланган, дейилади хабарда.