Моделлар қаторини янгилаш стратегияси сабабли Chevrolet Equinox ҳозирги авлоди ишлаб чиқарилиши тўхтатилади, дея хабар берди компания матбуот хизмати.

Шу муносабат билан ушбу автомобиль моделини етказиб бериш бўйича шартномалар олиш учун аризаларни расмийлаштириш тўхтатилгани маълум қилинди.

UzAuto Motors АЖ компанияси Chevrolet Equinox автомобилларини ҳарид қилиш учун аввалдан шартнома тузган сўнгги мижозларга тўлиқ етказиб берилишини таъминлайди, дейилади хабарда.

UzAuto Motors General Motors Overseas Distribution билан 2020−2021 йилларда 8750 та Chevrolet Equinox русумли автомобилларни етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган эди.

Шартнома миқдори деярли 200 млн доллар ёки ҳар бир автомобиль учун тахминан 22 845 долларни (CIP/CPT нархи бўйича) ташкил этган. Ўзбекистонда Equinox 349 млн сўмга (тахминан 33,1 минг доллар) сотилган.