Андижон вилояти Жалақудуқ тумани «Халқ банки» филиали ходими банкоматлардаги 345,5 млнни ўзлаштиргани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz» га маълум қилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Жалақудуқ туман бўлими томонидан АТ «Халқ банки» туман филиалининг мурожаат келиб тушган. Ўтказилган терговга қадар текширувда, филиалнинг бош мутахассиси З.И. 2020 йилнинг декабрь ва 2021 йилнинг январь ойида туман деҳқон бозорида ўрнатилган банкоматлардан жами 345,5 млн сўм нақд пулни олишга эришгани аниқланди.

Фуқаро ушбу пулларни шахсий эҳтиёжларига сарфлагани ва ўзининг ихтиёрида бўлган жуда кўп миқдордаги мулкни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги маълум бўлди.

Ҳолат юзасидан З.И. га нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.