Москванинг Симоновский суди Жазони ижро этиш федерал хизматининг илтимосномасини қаноатлантирди ва Коррупцияга қарши кураш фонди асосчиси, россиялик мухолифатчи Алексей Навалнийга тайинланган шартли жазони ҳақиқийси билан алмаштирди, деб хабар бермоқда Meduza.

Қарор «Ив Роше» иши доирасида қабул қилинди ва унга кўра сиёсатчи 3,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Аммо уй қамоғида ўтказилган 10 ойлик муддатни ҳисобга олган ҳолда у умумий режимдаги колонияда 2 йилу 8 ойни ўтказади.

«Ив Роше» иши. 2014 йилда Алексей Навальний ва унинг укаси Олег фирибгарлик ва жиноий даромадларни легаллаштиришда айбланган эди. Терговга кўра, улар «Ив Роше» компаниясини фойдасиз шартномани имзолашга кўндиришган. Ўшанда Алексей Навальний шартли равишда 3,5 йил, Олег Навальний эса 3,5 йил ҳақиқий муддатга қамалганди. Ака-укалар ўз айбларини инкор этиб, ишнинг сиёсийлаштирилганини даъво қилишган эди. 2017 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди мазкур қарорни адолатсиз деб топган, Россия ҳукумати Навальнийга товон пули тўлаган, бироқ суд қарорини бекор қилмаган эди.

Ҳукм кучга киргунига қадар Навальний ҳибсда бўлади. Сиёсатчининг ҳимояси ушбу қарор устидан шикоят қилмоқчи.

Москва шаҳар судида бўлиб ўтган сайёр мажлисда Жазони ижро этиш федерал хизмати вакили Навальний синов муддати қоидаларини 50 мартадан кўпроқ бузганини, шу жумладан, идора талабларига биноан рўйхатдан ўтишга келмаганлигини айтди. Прокуратура ЖИЭФХ талабини қўллаб-қувватлади. Сиёсатчининг адвокатлари хизмат аризасини рад этишни талаб қилишди.

Навальнийнинг ўзи масаланинг моҳияти аллақачон айбсиз деб топилган ишни баҳона қилиб, уни қамоққа олишдан иборат эканини таъкидлади.

«Ушбу жараёндаги асосий нарса — ҳаттоки менинг қамоққа олинишим ҳам эмас. Мени қамаш қийинмас. Асосийси — бу нима учун қилинмоқда: кўплаб одамларни қўрқитиш учун. Миллионлаб инсонларни қўрқитиб қўйиш учун бир кишини қамашади. Бу жараён, мен жуда умид қиламанки, одамлар томонидан улар қўрқишлари кераклигини англатадиган сигнал сифатида қабул қилинмайди. Бу қудратни кўрсатиш эмас, балки ожизликни намойиш қилишдир», — деди у (видео).

Суд бўлиб ўтаётган вақтда полиция, «ОВД-Инфо» маълумотларига кўра, Навальнийни қўллаб-қувватлаш мақсадида суд биносига келган 300 дан ортиқ кишини қўлга олган.

Суд мажлисида 20 дан ортиқ давлатлар, шу жумладан, АҚШ, Болгария, Польша, Латвия,Австрия, Швейцария элчилари иштирок этди.

Навальний штаби айблов эълон қилиниши биланоқ Москвадаги Манежний майдонида норозилик акцияси ўтказилиши тўғрисида хабар қилди.