Жазони ўтаётган фуқаролар онлайн режимда қариндошлари билан мулоқот қила олиш имконияти яратилади. Бу ҳақда ИИВ жазони ижро этиш Бош бошқармаси тарбиявий ва ижтимоий психологик ишларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Жамшид Султонов маълум қилди.

«Маҳкумларнинг қариндошлари ва бошқа шахслар билан бўлиб ўтадиган учрашувлари видеоконференцалоқа режимида онлайн тарзда ўтказилади. Масофали видео-учрашув жараёнида маҳкумнинг қариндошлари ва бошқа шахслар билан мулоқотлари тўғридан-тўғри трансляция орқали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида барча жазони ижро этиш муассасалари оптик толали алоқа каналлари билан таъминланди», — деди Жамшид Султонов.

Ушбу имконият жазони ижро этиш тизимига IT-технологияларни жорий этиш, жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ва уларнинг оила аъзоларига қулайлик яратиш мақсадида яратилгани таъкидлаб ўтилди.