Қозоғистонда коррупцияда айбланган амалдорларни «Жамият олдидаги қарзни қайтариш» нимчаларида кўчаларни тозалаш орқали жазолаш таклиф қилинди

Қозоғистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раиси Aлик Шпекбаев кичик ва ўрта оғирликдаги коррупция жиноятлари учун жамоат ишларини жазо сифатида тайинлашни таклиф қилмоқда. «ИҲТТнинг (Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти) бир қатор мамлакатларида жамоат ишлари коррупцияга оид жиноятлар учун асосий ёки қўшимча жазо сифатида жуда муваффақиятли қўлланилмоқда. Хусусан, Буюк Британияда маҳкумларга „Жамият олдидаги қарзни қайтариш“ ёзуви билан ёрқин нимча (жилетка) кийдириш одатга айланган. Шунингдек, улар паст малакали кўча ишларига мажбурланади», — деди Шпекбаев бўлим бошқаруви йиғилишида. Унинг сўзларига кўра, психологик жиҳатдан жазонинг ушбу тури самаралироқ бўлиб, жамият ўзининг анти-қаҳрамонларини кўриш орқали таниб қолади. — Казинформ.

Хитойда давлат компанияси собиқ раҳбари коррупция ва хотинбозлик учун қатл этилди

Хитойда давлат активларини бошқариш China Huarong компаниясининг собиқ раиси порахўрлик, ўғрилик ва хотинбозлик учун ўлим жазосига ҳукм қилинди. «Бугун эрталаб Тяньцзинь Ўрта Халқ суди қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Лай Сяоминга қарши ўлим жазосини ижро этди», — дейилади Хитой Марказий телевидениясида. Лай Сяоминг 5 январда ўлимга маҳкум этилган. Маълумотларга кўра, ушбу шахс 25 млн юанни (тахминан 3,9 млн доллар) ноқонуний равишда ўзлаштирган, 1,79 млрд юань (тахминан 280 млн доллар) миқдорида пора олган, шунингдек, қонуний рафиқаси бўлганига қарамай, бошқа аёллар билан узоқ вақт мобайнида ишқий муносабатда бўлган. Хитой ОАВларининг ёзишича, Лай Сяоминнинг 100 дан ортиқ хонадонлари бўлган. Баъзи хабарларга кўра, у маъшуқаларини давлат активларини бошқариш компанияси тасарруфида ишлайдиган 33 корхонада юқори лавозимларга жойлаштирган. Унга қарши тергов 2018 йилда бошланган ва ўша йили у лавозимидан четлаштирилиб, партия сафидан чиқарилган. — CCTV.

Германия мутахассислари AstraZeneca вакцинасини 65 ёшдан ошганларга қўлламасликни тавсия қилди

Германиянинг Роберт Кох номидаги вирусология институти Эмлаш бўйича доимий комиссияси (Stiko) мутахассислари инглиз-швед фармацевтика компаниясининг AstraZeneca вакцинасини 65 ёшдан ошганларга қўлламасликни тавсия этишди. Улар ушбу препаратни 18 ёшдан 64 ёшгача бўлган кишиларга ишлатиш мумкинлигини таъкидлашди. Нашрнинг ёзишича, бу вакцинанинг 65 ёшдан ошган одамлар учун самарали бўлишига оид маълумотлар етарли эмас. — Deutsche Welle.

Пентагон AҚШ қўшинларини Aфғонистондан олиб чиқиш тўғрисидаги қарорни қайта кўриб чиқишини маълум қилди

AҚШ Мудофаа вазирлиги Толибон ҳаракати билан тинчлик шартномаларини бузган ҳолда AҚШ қўшинларини Aфғонистондан олиб чиқиш тўғрисидаги қарорни қайта кўриб чиқиш эҳтимолини маълум қилди. Пентагоннинг жамоат ишлари бўйича раҳбар ёрдамчиси Жон Кирби Aфғонистонда ҳозирда AҚШнинг 2500 га яқин ҳарбий хизматчиси борлигини тасдиқлади. «Ҳозирда ушбу кучларнинг келажакда қандай бўлишига оид қарорлар қабул қилинмаган. Ва мен Толибон раҳбарларига қуйидагиларни айтган бўлар эдим: улар Aфғонистондаги [AҚШ] кучлари борасидаги якуний қарорни истамасликлари билан вазиятни мураккаблаштирмоқда. Оқилона, барқарор ва ишончли музокаралар бўйича мажбуриятларни қабул қилинг», — деди Пентагон вакили. «Толибон AҚШ олдидаги мажбуриятларини бажармади», — дея қўшимча қилди у. Таъкидланишича, Толибон билан тузилган келишувларга биноан AҚШ май ойигача барча қўшинларини Aфғонистондан олиб чиқиши керак. — ТАСС.