Сардоба тошқинидан жабр кўрганларга уй-жойлар тақсимланишида биринчи навбатда ҳужжатларида муаммоси бўлмагани учун 1430 та хонадон эгаларига тўғридан-тўғри берилган. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Ўлмасжон Мамадаминов брифингда маълум қилди.

Кўп қаватли уйларнинг 1-қаватига биринчи навбатда оиласида ногиронлиги бўлган болалар ёки оғир ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган болалар, ёлғиз пенсионерлар жойлаштирилган.

Шунингдек, муаммо ва камчиликлари бўлган 724 та ҳужжатлар Халқ депутатлари туман Кенгашлари сессияларида кўриб чиқилиб, сессия қарорларига асосан уй ажратилиши рад этилди.

Жумладан, 187 тасини — яшайдиган уйи бўлгани учун, 232 та хонадонга тегишли уйлар — Қурилиш назорат инспекцияси томонидан яроқли деб топилгани сабабли ва 298 та хонадон — қурилиши якунланмагани, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш учун қурилган вақтинчалик уйлар эканлиги аниқланган.