Йўл-патруль хизмати инспекторларининг пиёда хизмат олиб бориш тизими бекор қилиниши кутилмоқда. Бу 2021 йилда ДЙҲХХ соҳасида амалга оширилиши кўзланган истиқболли режалар доирасида амалга оширилиши кўзда тутилган.

Маълум қилинишига кўра, ЙПХ ходимларининг фақат қоидабузарликларни автоматик тарзда аниқлаш қурилмалари билан жиҳозланган патруль автомобилларида хизмат олиб бориши йўлга қўйилади.

Йўл-патруль хизмати инспекторларининг пиёда хизмат олиб боришидаги камчиликлар ҳақида кўп йиллардан буён айтиб келинмоқда. Бу усул ёрдамида ходимлар жисмонан барча қоидабузарликларни қайд эта олмайдилар ва ўз жойлашган ҳудудларидан ташқаридаги қоидабузарликларни кўра олмайдилар.

Баъзи ҳолларда ходимларнинг ўзлари ҳайдовчилар ва пиёдалар учун ноқулайликлар туғдиришади, автомашиналарни тўхташ мумкин бўлмаган жойларда тўхтатиб, фавқулодда вазиятларни юзага келтирган ҳолатларни ҳам кузатиш мумкин (юқоридаги фотосуратда бўлгани каби).